Россия президенти Владимир Путин қўриқчисига тегишли “сирли қурилма” видеоси тарқалди. 9 май куни олинган ушбу видео таҳлилчилар эътиборини тортди ва мутахассислар унинг хусусиятларини ўрганди. Бу ҳақда “Агентство” нашри хабар берди.

Украиналик ҳарбий таҳлилчи Сергей Бескрестнов ушбу қурилмани “дрон-переҳватчик” (дрон тутиб олувчи) деб атади. Гап “Ёлка” модели ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. У душман дронларини йўқ қилишга мўлжалланган кинетик дрон ҳисобланади.
“Ёлка” нишонга қараб учирилади, кейинги ҳаракатларини эса мустақил бажаради. Бу жиҳати билан у кўчма зенит-ракета тизимларига ўхшайди. Бироқ у душман дронини портлатиш орқали эмас, балки юқори тезликда тўғридан тўғри уриб тушириш орқали йўқ қилади.
Дроннинг зарба берувчи қисми — унинг мустаҳкамланган корпуси бўлиб, айнан шу қисмининг кучи билан нишон йўқ қилинади. “Ёлка” сунъий интеллект элементларига эга замонавий нишонни аниқлаш ва кузатиш тизими билан жиҳозланган. У Украинадаги урушда самарали тутиб олувчи сифатида қўлланмоқда.
Маълумот учун, Ғалаба паради арафасида Москвада мобил интернет фаолиятига чекловлар жорий этилганди. Шунингдек, илк бор асосий минбар устига махсус соябон ўрнатилганди. Эҳтимол, бу ҳам Украина дронларидан ҳимояланиш мақсадида қўлланган. Параддан олдин Украина Россиянинг марказий ҳудудларидаги нишонларга дрон ҳужумларини кучайтирган, Кремль эса парад вақтида ҳужумлар давом этишидан хавотир билдирган.
Путин қўриқчилари ва уларнинг ойлиги
Путиннинг қўриқчилари орасида ўртача ёш — 36 ёш. Уларнинг аксарияти вилоятлардан (14 киши) ёки Москва вилоятидаги кичик шаҳарлардан (10 киши) келган. Уларнинг кўпчилиги баланд бўйли.
Яқин йилларгача президентнинг шахсий қўриқчилари катта маош олмаган. Солиқ ҳужжатларига кўра, улардан бири 2015 йилда ойига 56 минг рубль (922 доллар) ишлаб топган. 2018 йилга келиб, президент хавфсизлик хизматида ишлаётган уч кишининг ойлиги 80 минг рубль (1280 доллар) атрофида бўлган.

Сўнгги йилларда эса уларнинг маоши сезиларли даражада ошган. Ҳозирда баъзи қўриқчилар ойига 180 мингдан 226 минг рублгача (1945–2443 доллар) даромад олмоқда. Бу ФСО (Федерал хавфсизлик хизмати)нинг ўртача маошидан юқори.
Никита Беленки Россия президенти қаерга бормасин, унинг изидан юрадиган кишилардан бири ва асосий шахс. У ва ҳамкасбларини Россия раҳбарининг ички ва ташқи сафарлардаги деярли ҳар бир суратида кўриш мумкин. Улар Путиннинг шахсий қўриқчиларидир. Улар камдан-кам ҳолларда эътибор марказида бўлишса-да, ҳар қандай оломон орасида ажралиб туради. Беленкининг бўйи икки метр бўлиб, ёшлигида профессионал баскетболчи бўлган.
Изоҳ (0)