Душанбе шаҳрига 2021 йил 18 февраль куни амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан қабул қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга йўллаган мактубини топширди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон—Тожикистон муносабатларининг долзарб масалалари, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Марказий Осиёдаги давлатлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Товарлар экспортини кенгайтириш, янги транспорт коридорларини йўлга қўйиш ва минтақавий бозорларни ўзлаштириш имкониятлари батафсил муҳокама қилинди.

Учрашувда олий ва юқори даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан аввал Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.