Ўзбекистонда февраль ойининг бошидан «обналчилар» билан молиявий операцияларни амалга оширган компанияларнинг ҚҚС суммасига тузатиш киритилди ёки ҳисобга олиш бекор қилинди. Бу минглаб тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳолатни бизнес-омбудсман ўргана бошлади, Давлат солиқ қўмитаси эса вазиятга ойдинлик киритди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».
«Нақдлаштирувчи корхоналар» ҳақида
ДСҚ матбуот хизматининг қайд этишича, «нақдлаштирувчи корхоналар» товарларни сотмайди ва хизматларни кўрсатмайди, балки пул маблағларини нақдлаштиради ҳамда сохта ҳужжатларни расмийлаштиради.
Мисол учун, 100 миллион сўмлик битта ҳисобварақ — фактура билан «нақдлаштирувчи корхоналар» ноқонуний равишда 15 миллион сўм пул ишлайди. Ваҳоланки, виждонли тадбиркор бундай даромад олиш учун бир ой ёки ундан ҳам кўпроқ вақт меҳнат қилиши керак.
Бундан ташқари, қўмитанинг таъкидлашича, сохта ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар) рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ҚҚС тўловчилари ҳисобот даври натижаларига кўра ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган ҚҚС миқдорларини ҳисобга олиш орқали тўланадиган солиқ миқдорини камайтиради ва бунинг натижасида давлат бюджетига зарар етказади.
«Бир кунлик фирма»ларнинг фаолияти ноқонуний бўлишига қарамай, яқин вақтгача улар билан курашишнинг самарали механизми мавжуд эмас эди.
Хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси давлат бюджетига етказилган зарарни қисқартириш мақсадида «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини жорий этмоқда.
ДСҚ «хатарларни таҳлил қилиш» натижасида аниқланган 396 та корхонадан иборат шубҳали контрагентлар реестрини тузди, шунингдек, солиқларни камроқ тўлаш мақсадида пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи «нақдлаштирувчи корхоналар» хизматларидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхатини шакллантирди.
15 февраль куни қўмита шубҳали операцияларни амалга оширувчи («нақдлаштириш» билан шуғулланувчи) инсофсиз солиқ тўловчилар билан молиявий операцияларга эга бўлган ташкилотларнинг ҚҚС суммасига ушбу ҳисобга олиш кўзбўямачилик учун тузилган битимга мувофиқ амалга оширилганлиги учун Солиқ кодексининг 266-моддасига асосан тузатиш киритилди ёки ҳисобга олиш бекор қилинганини маълум қилди.
ДСҚ бўлими бошлиғи Жаҳонгир Абдиэвнинг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, реестрдаги 396 та шубҳали корхона билан 10 мингта компания ишлаган. Уларнинг 8570 тасидан давлат бюджетига тушиши керак бўлган 915 миллиард сўм миқдорида ҚҚС ечиб олинган. Қолган компаниялар ўзлари қайта ҳисоб-китобни амалга оширган ёки оборотдан солиқ тўловчи ёки жисмоний шахслар бўлган.
Тадбиркорларнинг норозилиги
«Qalampir.uz» эълон қилган репортажда тадбиркорлар солиқчилар юборилган хабарномалар жавобини кутмай, уларнинг банк ҳисоб рақамини музлатиб қўйганини, айримларидан «нақдлаштирувчи корхоналар» томонидан тўланмаган ҚҚС ечиб олинганини таъкидлаган. Тадбиркорларнинг айримлари қонун доирасида фаолият олиб боргани ва айбсизлигини исботловчи ҳужжатлар борлигига қарамай, уларнинг ҳисоб рақамлари музлатилгани ва ундан пул ечиб олинганини билдирган.
Уларнинг сўзларига кўра, солиқ органлари қарори туфайли уларнинг ишлари тўхтаб қолди, ишчилар эса маош ололмаяпти.
Тадбиркорлар солиқ органлари Солиқ кодексининг 14-моддасига (битимларнинг иқтисодий мазмуни ва уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш) ва 15-моддаси (лозим даражада эҳтиёткорлик) доирасида иш олиб бормоқда. Хусусан, ушбу кодексда солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Бунда ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигини (кўзбўямачилик учун тузилганлигини) аниқлаш, шунингдек, уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.
Тадбиркорлардан бирининг таъкидлашича, солиқ органлари Солиқ кодексининг 15-моддасини қўлламоқда. Унга кўра, солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.
Унинг айтишича, 2020 йилда ДСҚ сайтининг функционал имкониятлари фақатгина корхонанинг ҚҚС тўловчиси эканлигини текшириш имконини берган. Фақат 2021 йил 2 февралдан бошлаб бизнес-шерикни текшириш: ишчилар сони, низом, унинг инсофлилиги ва бошқалар бўйича хизмат ишга туширилди.
«Ҳозир улар (солиқ идоралари — таҳр.) буни 2020 йилга нисбатан татбиқ этмоқчи... Биз улар билан олди-сотди қилганимизда улар ҚҚС тўловчилари эди. Бу ишлардан сўнг улардан ҚҚС сертификати тортиб олинади. Энди улар бизга ҚҚС тўловчилари эмаслигини айтишмоқда, гўёки биз буни билганмиз, пул тўлаганмиз ва нақдлаштирганмиз ёки товарларни қайта саралаганмиз», — деган у.
Олимжон Файзибоэвнинг таъкидлашича, 200 дан ортиқ «бир кунлик фирмалар» бўйича материаллар прокуратурага юборилиб, улар устидан жиноий иш қўзғатилган.
Кейин нима бўлди?
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиэв бошчилигидаги навбатдаги йиғилишда «нақдлаштирувчи корхоналар» ва уларнинг хизматларидан фойдаланадиган компанияларни аниқлаш механизмини жорий этиш масаласи муҳокама қилинган. Унинг натижаларига кўра қуйидаги қарор қабул қилинган:
1. Янги механизмга ўтиш даврини ҳисобга олган ҳолда, истисно тариқасида, 17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» фирмалар билан шубҳали операцияларни амалга оширганлик хавфи нисбатан кам бўлган 2960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинди;
3. «Нақдлаштирувчи фирма»ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларни қониқарсиз олиб борганлиги, шунингдек солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ матбуот хизмати бошлиқларига ҳайфсан берилди.
Шунингдек, қўмитанинг қўшимча қилишича, 2021 йил 16 февралда Давлат солиқ қўмитасига ариза юборган 57 та корхонада ўтказилган солиқ назорати тадбирларининг дастлабки натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:
- 52 та корхона ёки 91,3 фоиз ҳолларда «қалбаки» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
- 1 та корхона учун ёки 1,7 фоиз ҳолларда «қалбаки» операцияларни амалга ошириш ҳолати тасдиқланмади, шу сабабли ортиқча ҳисобланган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди;
- 4 та ташкилотда ёки 7 фоиз ҳолатларда ноқонуний ҳисобга олиш қисман тасдиқланган.
Изоҳ (0)