Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Сўнгги бир йил ичида ўзбек аёллари орасида қош укладкаси ва киприк ламинацияси деган ибора тез-тез қулоққа чалина бошлади. Аксарият аёллар аллақачон мазкур хизматдан фойдаланишга ҳам улгурди. Бироқ киприк ва қошлар учун зарари йўқмикин, деб иккиланиб турган опа-сингилларимиз ҳам талайгина.

Хўш, процедуранинг қандай фойдали ва зарарлари томонлари бор? Ўзбекистонда қош укладкаси ва киприк ламинациясидан фойдаланиш нархлари қанча? Бу ҳақида «Дарё»га қош ва киприк ламинацияси бўйича мутахассис Хадича Махамаджанова батафсил маълумот бериб ўтди.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Қош укладкаси ва киприк ламинацияси нима?

Ламинация бизга пастга қараган қошларни кўтариб, унга ўзимиз истаган шаклни бериш имкониятини тақдим этади. Процедура орқали қошларимизни визуал катталаштириш, қалинлаштириш мумкин.

Мазкур процедура фақат гўзаллик учун қилинади. Қошларимиз учун ҳеч қандай парвариш хусусиятига эга эмас.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Киприк ламинациясига келсак, биласизми, аксарият опа-сингилларимизнинг киприклари қаттиқ, тикка ёки пастга қараган бўлади. Баъзан туш сурца ҳам, қайрилмайди. Ана шундай «қулоқсиз» киприкларни ламинация қилиш орқали чиройли ҳолатга келтиришимиз мумкин. Мазкур процедурадан сўнг киприклар худди «экилгандай» қайрилиб, визуал узун кўринади.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Процедура учун қанча вақт кетади?

Қош ламинациясининг ўзига 40 дақиқа, бўяш билан бир соат вақт керак бўлади. Киприкка эса тахминан 50 дақиқа вақт кетади. Киприкни қора рангга бўяш ва қўшимча парвариш (ботекс) қўшиш мумкин. Жараён учун эса бир соатдан кўпроқ вақт керак.

Ламинация одатда қошларнинг ўсишига қараб ўртача 1,5 - 2 ой, киприкларда эса икки ой мобайнида туради.

Ламинация қош ва киприклар учун зарарлими?

Юқорида айтганимдек, қош ламинацияси фақат гўзаллик учун қилинадиган кимёвий процедура ҳисобланади. Бу жараён қошни қуритади ва мижозлар ҳар куни қошини парвариш қилишлари, яъни турли ўсимлик мойларидан (ўсма, канакунжут) суртиб юришлари керак. Акс ҳолда қош жуда хунук аҳволга келиб қолиши мумкин.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Бундан ташқари, процедуранинг ўзига яраша техникаси ва қоидалари бор.

Масалан, қош ламинацияси уч босқичдан иборат. Биринчи, кимёвий суюқлик сурилгандан сўнг, қошнинг ҳолатига қараб 6-10 дақиқа давомида ушлаб турилади. Агар у олти дақиқалик қошда 15 дақиқадан кўпроқ қолиб кетса, табиийки, толалар куйиб, тўкилади.

Яна бир муҳим қоида: илк марта бу процедурадан фойдаланган аёл кейингисини камида 2-3 ойдан сўнг қилдириши керак.

Аксарият аёлларимиз эса бунга амал қилмай, ҳар ой, ҳатто ҳар икки уч ҳафтада қошларини ламинация қилдиришади.

Фаолиятим давомида ҳам кўп бўлади. Айрим мижозларим бир ойдан ўтмай, яна қилиб қўйинг, деб келишади. Аммо уларга 2-3 ой ўтмасдан қилмаслигимни, бунинг оқибатларини тушунтираман. 99 фоиз қизлар ўзи тушуниб, қайтиб кетишади.

Бундан ташқари, ламинациясидан сўнг қош ва киприкка тўлиқ бир сутка давомида сув теккизилмаслиги шарт ва иложи борича 2-3 кун спорт зал, бассейн ва сауналарга бормаслик тавсия этилади. Сабаби моддалар қошда яхшироқ сингиб олиши керак. Агар амал қилинмаса, процедура узоқ вақтга етмай қолиши мумкин.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Аммо ламинациянинг қошга нисбатан киприкка зарари камроқ. Доим парвариш қилиб юриш ҳам шарт эмас. Сабаби киприклар қош толаларига қараганда қалин, мустаҳкам ва чидамлироқ.

Ламинация пайтида қошнинг барча толаларига сурилади. Киприкда эса қайсидир қисми қоплаб олинади холос.

Процедура билан биргаликда киприкка махсус парвариш ҳам қўшиш мумкин. Шу боис бир ярим ойдан кейин яна қайта ламинация қилиш мумкин.

Тўғри, киприклар синиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Чунки юқорида айтганимдек, ҳар бир жараённинг ўз техникаси бор. Киприк ламинация қилинаётганда унинг ҳолатидан келиб чиқиб, валик (жараён вақтида қўлланиладиган ёстиқча) танланади. Агар киприкка қараганда кичкина валик танлаб олинса, киприк синиб қолиши мумкин.

Агар мазкур процедуралар ўз техникасига, қонун-қоидаларига кўра амалга оширилса ва ҳар куни парвариш қилиб юрилса, ламинация ҳеч қачон киприк ва қошларимизга зарар етказмайди.

Қошни бўяш ва ортиқча қош толаларини очартириш ҳақида

Ламинацияга қўшимча қош ва киприкларни бўяш ва ортиқча тукларни очартириш процедураларини ҳам қўшиш мумкин. Батафсил маълумот берадиган бўлсам, қошни хина ва махсус бўёқда бўяш мумкин.

Биз одатда махсус бўёқдан фойдаланамиз. Чунки қош ламинациядан сўнг уни хинада бўяш мумкинмас. Процедура ва хина таркибидаги компонентлар бир-бирига тўғри келмайди. Агар ламинация қилган бўлсак, бир ойдан кейингина хинада бўяш мумкин ёки аксинча.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Махсус бўёқнинг эса ҳеч қандай зарари йўқ. Шунинг учун асосан бўёқдан фойдаланамиз. Бўяшнинг ҳам ўзига яраша усули бор.

Агар тўғри қўлланса, терини ҳам бўяш мумкин. Бўёқ терида ўртача 7-10 кун, қош толасида эса уч ҳафтагача сақланиб туриши мумкин. Бироқ аниқ шунча кун туради, деб кафолат бермаймиз. Чунки кимдир сувдан кўп фойдаланди, кимдир кам. Қанча кўп сув теккизса, шунча тез кетади.

Яна бир қоида: қайта бўятмоқчи бўлган аёл бу ишни фақатгина уч ҳафтадан кейингина амалга ошириши керак. Боиси бўёқ таркибида «урзол» номли модда бор. У қошда уч ҳафтагача туради. Агар муддатидан олдин бўялса, аллергия бериши мумкин. Шунинг учун орада камида уч ҳафта танаффус бўлиши шарт.

Фото: Хадича Махамаджанова архивидан

Очартириш процедурасига келсак, бу қошини термайдиган аёлларимиз учун айни муддао ҳисобланади. Бунда ортиқча қош толаларига махсус восита суртилади ва улар тери ранги билан бир хил тусга кириб қолади. Шунинг ҳисобига узоқдан худди терилгандай туради. Аммо яқиндан қараганда билинади.

Ўзбекистонда процедурадан фойдаланиш нархлари қанча?

Айни кунларда барча гўзаллик салонларида қош укладкасининг нархи 150 минг сўмдан 200 минг сўмгача. Қош бўяш 200-250 минг сўм. Агар укладкага очартириш процедураси ҳам қўшилса, 220-230 минг сўм атрофида бўлади. Киприкларга эса ламинация, бўяш ва қўшимча парваришни 180-200 минг сўмга амалга ошириш мумкин.

Мақола «mood room» студияси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар