АҚШ ҳукумати коронавирусига қарши кураш доирасида Американинг Eli Lilly фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган антитана коктейлидан фавқулодда фойдаланиш учун рухсатномани тасдиқлади. Бу ҳақда АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика агентлиги (FDA) веб-сайтида берилган хабарга таяниб, «РБК» ёзмоқда.

Фото: АP

FDA фавқулодда ҳолатларда COVID-19 тести ижобий чиққан ва касаллик зўрайиши хавфи юқори бўлган беморлар (оғирлиги камида 40 килограмм бўлган 12 ёшдан ошган болалар ва катталар)да COVID-19’нинг енгил ва ўртача шаклларини даволаш учун бамланивимаб ва этесевимабни биргаликда қўллаш учун рухсатномани тасдиқлади. Бундан ташқари, препаратни 65 ёшдан ошган ёки сурункали касаллиги мавжуд кишиларда қўллаш учун ҳам рухсат берилди.

Бовланивимаб ва этесевимабни COVID-19 туфайли касалхонага ётқизилган ёки кислородли терапия зарур бўлган беморларда қўллаш учун рухсат берилмайди.

«Бамланивимаб ва этесевимаб каби моноклонал антитаналар касалхонадаги юқори кислород оқими ёки сунъий нафас олдириш аппарати талаб қиладиган COVID-19 беморларига юборилганда клиник натижалар ёмонлашиши мумкин.» — дейилади хабарда.

FDA таъкидлашича, клиник тадқиқотларда 29 кунлик кузатув давомида антитана коктейлини бир марта вена томирига юбориш, плацебо билан таққослаганда касалхонага ётқизиш ва ўлим сонини сезиларли даражада камайтирган.

Айни пайтда унинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолаш давом этмоқда. «Препаратдан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рухсатнома Eli Lilly аnd Cо томонидан берилганди», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг ноябрь ойида Regeneron Pharmaceuticals компаниясининг REGN-COV2 деб номланган антитана коктейлидан фавқулодда фойдаланиш маъқулланган эди. Ушбу доридан, хусусан, октябрь бошида ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус билан касалланганида фойдаланилган. Касалхонадан чиққанидан сўнг, Трамп мамлакатнинг барча фуқаролари унинг ўзи фойдаланган дори воситалар билан бепул даволанишига ваъда берганди.

Аввалроқ ЖССТ экспертлари коронавирус юқтиришнинг тўрт хил йўлини аниқлагани ҳақида хабар берилганди. Ушбу йўллар билан коронавирусни узоққа ташиш мумкин.

Америкалик олимлар эса COVID-19’га қайта чалиниш сабабларини маълум қилган. Олимлар илгари COVID-19 билан касалланганларда коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини кузатилишига сабаб танада иммунитетнинг заифлиги оқибатида инфекцияни қайта юқтириш ёки организмда қолиб кетган вирусни қайта фаоллаштириш бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.