1838 йил 8 февраль куни АҚШлик Самюэль Финли Морзе электромагнитли телеграфни тақдим қилди. Сана муносабати билан «Дарё» мазкур ихтиро тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Биз яшаётган даврда дунёнинг исталган нуқтасидаги танишимиз билан бир лаҳзада хат-хабар алмашиниш имконимиз мавжуд. Мессенжерлар ҳозирда нафақат матнни, балки товуш, расм ва видеоли хабарларни ҳам шу лаҳзанинг ўзида жўнатиш ва қабул қилиш имконини беряпти. Ҳатто ўн йилча аввал ҳам халқаро қўнғироқларни амалга ошириш учун марказий телеграфга бориб, буюртма қилиб, навбат кутиш керак эди. Эндиликда эса Telegram, Whatsapp, Viber ва ҳоказо мессенжерлар туфайли бунга зарурат қолмади.
Аввалги замонларда одамлар бир-бирларига зарур хабарни етказиш учун қоғозга қўлда хат ёзиб жўнатишар эди. Халқаро почта пайдо бўлгандан кейин эса хатларни қитъалараро йўллаш имкони ҳам очилган. Лекин бундай усулда хат-хабар алмашиниш жуда узоқ вақт олган ва мактуб эгасига етиб боргунича ҳатто бир неча ой керак бўлган. Кўпинча шундай бўлганки, йўлланган хат манзилга боргунича, унда баён қилинган хабарнинг долзарблиги ҳам йўқолган.
Массачусетс штатида туғилиб ўсган Самюэль Финли Морзе XIX асрнинг биринчи ярмида Америкада анчайин таниқли рассом бўлган. У Нью-Йоркдаги дизайн Миллий академиясига ҳам раҳбарлик қилган ва тасвирий санъат профессори сифатида Нью-Йорк университетида талабаларга дарс ҳам берган. Морзе ўзи тасвирий санъат бўйича Англияда таҳсил олгани боис, асосан, Европага хос тасвирий санъат йўналишида иш олиб борган ва фаолияти давомида жуда кўп бора Атлантика орқали Европага саёҳат қилиб, кўҳна қитъа рассомлари билан тажриба алмашиб, доимий алоқада бўлиб турган. Кўриб турганингиздек, у ҳеч қандай техник соҳа вакили бўлмаган ва асосан бадиий–тасвирий ижод билан шуғулланган.
Шундай саёҳатларнинг бирида, 1832 йилда, у Европада турли ихтирочилар томонидан тақдим этилган телеграф ускунаси ҳақида хабар топади. Бу пайтга келиб Европанинг турли нуқталарида «ибтидоий» телеграф ускунаси ва тармоғи намуналари устида иш кетаётган эди. Масалан, 1809 йилда Зёмеринг исмли немис уста Бавария фанлар академиясига ғалати бир ихтиро билан келган бўлиб, у ток таъсирида электролитдан ажралиб чиқадиган газ пуфакчалари воситасида ҳаракатланадиган телеграф ғоясини тақдим қилган. Ғояга кўра, электролитдан кўтарилган газ телеграф кўрсаткичини юқорига кўтариб, алифбодаги бирор ҳарфни рўпарасига келтирар эди. Зёмеринг телеграфида немис алифбосига мос 24 та ҳарф қўлланган ва шунга монанд 24 та симдан иборат ўтказгич қўлланган. Бу электрокимёвий жараёнга асосланган ҳамда, масофадан туриб бошқариш мураккаб бўлган, анчайин бесўнақай ускуна эди. Шунга қарамай, Зёмеринг телеграфини биз билган бугунги мессенжерларнинг энг катта «бобокалони» дейиш мумкин. Зёмерингнинг бу ғалати лекин, ғоя жиҳатдан муҳим ихтиросининг аҳамиятини бошқалар ҳам тез илғашган. Хусусан, Ёханн Швейгер исмли уста бу бесўнақай ускунани соддалаштириш устида иш бошлаган ва атиги иккита сим билан хабар йўлласа бўладиган телеграф ясаган. Бироқ, уларнинг телеграфлари оммалашмаган ва хат-хабар алмашинишда қўллаш учун бирор шаҳарда татбиқ этилмаган.
Орадан сал ўтиб, 1820 йилда Даниялик физик олим Ersteд электр токи таъсирида компаснинг магнит стрелкасини ҳаракатга келаётганини пайқаб қолади. Бундан хабар топган унинг ҳамкасби Арго, айнан шу ҳодисадан телеграф ясаш учун фойдаланиш ғоясини ўртага ташлайди. Яъни, ғояга кўра, электр симга қандай кучланиш берилганига қараб, телеграфнинг кўрсаткич стрелкаси муайян маълум бурчакка оғади ва алифбодаги бирор ҳарфга ишора қилади. Мисол учун, 12 волт ток юборилса, стрелка 30 даражага оғиши мумкин ва бу айтайлик «М» ҳарфига ишора қилади ва ҳоказо. Шу тариқа, тарихда биринчи электромагнит телеграф ихтиро қилинган эди. Мазкур ихтиронинг илк амалий ишлайдиган намунаси 1835 йилда Бонн шаҳрида ўтказилган кўргазмада барон Шиллинг исмли шахс томонидан намойиш қилинган ва техника мўъжизаси сифатида ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлган. Бонндаги кўргазмада электромагнит телеграф намунасини кўриб қайтган Англиялик Уильям Кук ҳам Буюк Британияда биринчи телеграфни ясаган ва ишга туширган. Тарихда илк телеграф тармоғи эса 1838 йилда Мюнхенда ишга туширилган бўлиб, у 5 км узунликдаги масофада хат-хабар алмашинар эди.
Ушбу юқорида қайд этилган телеграф ускуналари гарчи ўз даври учун мислсиз янгилик, хабарларни тезкорлик билан етказиш усули сифатида инқилоб ясаган бўлса-да, лекин уларни амалда қўллаш анча қийин бўлган. Биринчидан, телеграфдан хабар келиб қолса, уни қабул қиладиган навбатчи мутахассис керак бўларди. Қолаверса, бу мутахассис жуда оператив ишлаши талаб этиларди. Чунки, телеграф кўрсаткичи алифбодаги бирор ҳарфга ишора қилиб, тезда яна жойига қайтарди ва агар навбатчи ўша ҳарфни илғамай қолса, хабар мазмуни ўзгариб кетиши мумкин эди. Гарчи, кўрсаткич ишора қилган ҳарфни вақтида пайқаган тақдирда ҳам, навбатчи уни барибир оддий қоғозга оддий ручка билан ёзиб олиши керак эди. Яъни, бу телеграфларда жўнатилган матнни қабул қиладиган ва қоғозга чоп этадиган қисмнинг ўзи бўлмаган! Оддийроқ айтадиган бўлсак, бу мессенжердан келган хабарни «сақлаб қўйиш» функцияси бўлмаган. Шу сабабли ҳам телеграф ускуналари учун махсус автомат ёзув қурилмаси билан жиҳозлаш масаласи жуда долзарб бўлиб қолган.
Ушбу масалани эса биз ҳикоямиз бошида тилга олган рассом Самюэль Морзе ҳал қилган. У навбатдаги Европа сафари чоғида отасидан мактуб олади. Мактубда унинг хотини касал бўлиб қолгани ҳақида ёзилган эди. Табиийки, мактуб АҚШдан Европага етиб келгунича бир ойга яқин вақт кетган. Бу вақт ичида Морзенинг хотини аҳволи оғирлашган. У ортга қайтишга қарор қилганида эса яна бир хат келган. Унда Морзенинг отаси мудҳиш хабарни ёзган эди. Яъни, Самюэлнинг хотини касаллик туфайли вафот этганди. Морзе уйига етиб келганида эса хотини аллақачон дафн этилган ва бунга ҳам бир неча ҳафта бўлган эди. Табиийки, у рафиқасининг сўнгги кунларида ёнида бўла олмаганидан ҳамда қабрга ҳам ўзи қўя олмаганидан қаттиқ изтироб чеккан.
Шунда, аслида ҳеч қандай техник малакага эга бўлмаган рассом Морзе хат-хабарларни имкон қадар тезкор йўллаш вазифасини бажарувчи телеграф аппаратини ясашни мақсад қилади. У Европа сафари пайтида ўзи танишган телеграф лойиҳаларининг камчиликлари ҳақида ҳам эшитган эди. Шу сабабли ҳам у тамомила ўзгача конструкциядаги телеграф ясашга киришади. У ўз телеграф аппаратининг деярли ҳамма қисмини ўзи қўлда ясаган дейиш мумкин. Асли техника соҳаси вакили бўлмагани сабабли, у телеграфда қўлланиладиган темир ўзакли ғалтак ясаш учун керакли мис симлар тайёр ҳолда бозорда сотилишини ҳам билмаган экан. Шу сабабли, у қуйма шаклидаги мис бўлагини устахонада болғалаб, ингичка узун сим ҳолига келтирган экан. Электротехника бўйича тушунмаган ва ақли етмаётган жойларини эса профессор Генри қаламига мансуб электромагнит ҳодисаларга оид китобдан эринмай ўқиб чиқиб, ўрганган. Шунингдек, у ўзи ғоят сезгир электромагнит калит-реле ҳам ихтиро қилган ҳамда телеграф конструкциясига киритган. Морзе релеси фавқулодда сезгир махсус электромагнитдан иборат бўлиб, у энг суст, паст токларни ҳам пайқаш имконини берган. Ўзига арзимас кичик ток келса ҳам реле ишга тушиб, ўзига яқин жойда ўрнатилган батарейкани занжирга улаб берган ва шу тарзда сигнални яна узоқроқ масофага ёки тўғридан-тўғри телеграф аппаратига юборилишини таъминлаган. Энг асосийси эса Морзе телеграфида одатий алифбони қўллаш ўрнига, қисқа ва узун чизиқ (dash), ҳамда нуқта (dot) белгилари кетма-кетлиги комбинациясига асосланган махсус алифбо қўлланилар эди. Бу белгилар телеграфга уланган махсус тасма кўринишидаги қоғозга тушириб олинар эди ва кейин уни шифрдан ечилса, йўлланган матн мазмуни очиларди. Асосийси, Морзе телеграфи ихчам эди ва жуда узоқ масофадаги шаҳарлар орасида ҳам тезкор хабар алмашиш имконини берарди. Морзе ўзининг биринчи тўлиқ телеграфини 1837 йилда ясаб тугатди ва амалиётга кенг жорий қилиш мақсадида ҳукумат вакилларига намойиш қилди. Аппарат қанчалик муҳим функция бажармасин, унинг тайёрланиши жуда қимматга тушарди ва шу сабабли ҳам, дастлабки пайтда Морзе телеграфи асосидаги телеграф тармоғини қуриш АҚШда ҳукуматнинг молиявий кўмагисиз имконсиз бўлган. Шу сабабли, 1838 йилнинг 8 февраль санасида, Морзе ўз телеграф ускунасини амалда кўрсатиб, оммавий тақдимот қилиб берган. Йиғилганлар орасида катта қизиқишга сабаб бўлган ушбу инқилобий телекоммуникация аппаратининг ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти бемисл эканини барча дарҳол англаган, десак муболаға бўлмайди.
Бироқ, шунда ҳам ҳукумат Морзе телеграф тармоғини қуриш учун маблағ ажратишни анча пайсалга солган. Фақат орадан 6 йил ўтибгина, аниқроғи, 1843 йилда АҚШ конгресси Морзега Вашингтон ва Балтимор орасида тарихда илк шаҳарлараро телеграф тармоғи қуриш лойиҳаси учун 30000 доллар маблағ ажратган. 1844 йилнинг 24 май санасида, ушбу телеграф тармоғи тантанали равишда ишга туширилган ва унда Самюэль Морзенинг ўзи илк телеграмма хабарни йўллаган. У қисқагина бўлиб, «Худойим нималарга қодир» (what hath God wrought) деган жумладан иборат эди (бу катта эҳтимол билан, Инжилдан иқтибос бўлса керак).
Бу лойиҳа Морзе учун катта муваффақият келтирди. Ҳукуматдагилар мазкур ихтиронинг амалий аҳамиятини ниҳоят аниқ тушуниб етишди ва бошқа штатларни ҳам телеграф билан ўзаро боғлаш лойиҳасини қўллаб қувватлашди. Кейинги 4 йил ичида АҚШнинг деярли барча штатлари марказлари ўзаро телеграф алоқаси тармоғига эга бўлди.
Морзе телеграф аппарати жуда пишиқ ва қулай конструкцияланган бўлиб, у билан ишлаш ҳам осон бўлган. Шу сабабли, Морзе телеграфи тез орада нафақат Америкада, балки бутун дунёда кенг оммалаша бошлади ва ўз эгасига жуда катта муваффақият ва даромад келтирди. 1850 йилда биринчи халқаро телеграф тармоғи АҚШ ва Францияни ўзаро боғлади. Энди Европадан Америкага хабар йўллаш икки дақиқалик иш бўлиб қолди. АҚШда ёки Европада содир бўлган воқеа ҳақида Атлантиканинг нариги тарафида ўша куннинг ўзидаёқ хабар топиш мумкин бўлди. 1866 йилдан эътиборан эса бошқа қитъаларни ҳам қамраб олувчи телеграф тармоқлар барпо этила бошлади. Маълумотларга қараганда, 1858 йилда Морзе ўз ихтироси учун ўнта Европа мамлакатидан 400 минг франк миқдорида маблағ қабул қилиб олган ва умрининг охиригача бой-бадавлат яшаб, асосан меценатлик ва хайрия ишлари билан шуғулланган. Камбағал рассомлар ҳам пулдан қийналиб қолганда кимдан ёрдам олишни яхши билишарди.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)