Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳри Тарона кўчасида қурилган 16 қаватли янги уй-жойларни бориб кўрди, дея хабар қилмоқда Президент матбуот хизмати.
Таъкидланишича, Фарғона мамлакатнинг аҳоли энг зич жойлашган шаҳарларидан. Шу боис бу каби замонавий кўп қаватли уйлар аҳолининг ўсиб бораётган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, мазкур 2 та 16 қаватли уйни қуриш учун 11 сотих ер кифоя қилди. Энди бу ерда 160 та оила яшайди. Хонадонларнинг бир қисми ижтимоий ҳимояга муҳтожларга топширилади.
Қурилишда сейсмология ва замонавий архитектура талабларига алоҳида эътибор берилган. Энергия тежовчи, сифатли материаллардан фойдаланилган. Уйларнинг ёнида болалар ўйин майдончаси, машиналар тураргоҳи бор. 420 ўринли мактаб барпо этилган. 380 ўринли болалар боғчаси қурилмоқда.
Давлат раҳбари Фарғона тумани «Илғор» маҳалласига бориб, ички йўлларни арзон қуришга оид андозаларни кўздан кечирди.
Мамлакатда 39 минг километрга яқин ички йўллар тупроқли. Илгари қурилган кўчаларнинг ҳам кўпи ўйдим-чуқур бўлиб, яроқсиз ҳолга келган. Ушбу барча йўлларга асфальт ётқизиш жуда қимматга тушади.
Шу боис қум-шағал, оҳак тош, чақиқ тош, цемент каби маҳаллий материаллар аралашмасидан 5 хил қоплама варианти тайёрланган.
Шавкат Мирзиёев ушбу намуналарни кўздан кечирди. Соҳа мутахассислари йўл қопламаларининг таркиби, таннархи, сифати бўйича маълумот берди.
Президент бу ишланмаларни қўллаб-қувватлаб, уларни муҳандислик жиҳатидан такомиллаштириш, хом ашё захиралари ва зарур техникаларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, энг маъқулини танлаш кераклигини таъкидлади.
Аввалроқ Фарғонада 2021 йилда 105 та кўп қаватли уй қурилади, 503 километр йўл таъмирланиши, икки йилда умумий қиймати 17 трлн сўмлик мингга яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)