Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинасини олади. Бу ҳақда «Коронавирус инфо» канали ЮНИСЕФ хабарига таяниб хабар қилди.
COVAX дастури бўйича коронавирусга қарши вакциналар кам ва ўртача даромадли 92 мамлакатга июнь ойигача тақдим этилади. ЮНИСЕФ тақдим этган жадвалга кўра, Ўзбекистон 2 миллион 640 минг доза AstraZeneca/Охford вакцинасини олади.
Маълум қилинишича, вакцинанинг бир дозаси нархи, тахминан, 3 долларни ташкил этади.
Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонга ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ва BioNTech компаниялари ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцина келтирилишини айтганди.Унинг ўринбосари Ботиржон Қурбонов 50 минг кишини икки мартадан эмлаш учун етарли миқдорда буюртма қилинган Pfizer-BioNTech вакцинаси билан Ўзбекистонда биринчи галда шифокорлар ва кексалар эмланишини билдирган. Ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини 70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлаткичлар ҳозирлаб қўйилгани маълум қилинган.
Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратишини билдирган.
Изоҳ (0)