Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 январь куни мамлакатда илк бор коронавируснинг янги штамми аниқлангани ҳақида хабар берди. Янги штамм Дубайдан 23 январь куни мамлакатга қайтган оиланинг 10 яшар фарзандида аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда нега янги штамм аниқлангани оиланинг мамлакатга келганидан 1 ҳафта ўтгач эълон қилингани юзасидан саволлар пайдо бўлган. Шу юзасидан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланган.

Матбуот котибининг таъкидлашича, оила Дубайдан 23 январда келиши билан қоида бўйича улардан экспресс тест олинган. Тест натижасида 10 ёшли қизда коронавирус аниқланган ва қизалоқ тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган.

Тест таҳлили Инновацион вазирликка жўнатилган. Вазирликдаги Илғор технологиялар марказида «британча» штаммни аниқлаш бўйича икки босқичда тест ўтказилган.

Биринчи босқичда айрим мутацияга учраган белгилари чиққан. Иккинчи босқичда «британча» штамм аниқланган.

Фурқат Санаев бу коронавируснинг янгича тури бўлгани учун дарҳол аниқ бўлмаслигини, буни бир неча босқичли ўзига хос текширувлардан ўтказиб, кейин «британча» штамм эканига хулоса берилишини таъкидлаган.

Айни шу хулоса 1 ҳафта ўтгандан кейин, яъни 30 январь куни олинган. Унгача бемор махсус назоратда бўлган.

Маълум қилинишича беморнинг аҳволи яхши. Унинг оила аъзоларида эса вирус аниқланмаган. Уларга уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас. Ушбу штамм 60 га яқин давлатда аниқланган.

Мутахассислар коронавируснинг янги штамми болалар учун хавфли бўлиши мумкинлигини ва унинг болалардаги 5 та аломатини маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг «британча» штаммини аниқловчи тест тизими устида иш олиб борилаётгани хабар берилган.