Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокими ўзгаргани ва вилоятни бошқариш вазифаси вазир ўринбосарига топширилгани тўғрисида хабар тарқалди.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаев эса бу хабарни рад этди.
«Унақа эмас. Вазирлар, вазир ўринбосарлари кўп келиб кетишади. Шунга бирор гап эшитишган бўлса, ёзгандир. Бунақа гап йўқ. Ҳоким тез орада ишга чиқади», — деди Манучеҳр Мирзаев.
2021 йил 29 январь куни соат 18:31 да вилоят ҳокимлигининг Telegram’даги расмий саҳифасида ҳам ҳоким Эркинжон Турдимовнинг тез орада ишга чиқиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ҳокими Эркинжон Турдимов меҳнат таътилига беш кун олдин чиқиб, таътил муддати тугагандан кейин ҳам икки кун дам олиб, сўнг ишга чиқиши маълум қилинганди. Ҳокимнинг матбуот котиби, шунингдек, Турдимов 28 январь куни вилоятга қайтаётганини қўшимча қилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги 27 январь кунги йиғилишда давлат раҳбари бир ҳафта ичида кадрлар масаласи бўйича бир қарорга келишини, айрим амалдорлар аравани тортмаётганлигини баён қилиб, етарлича ишламаётган вазир ҳамда ҳоким ўз лавозимини тарк этишини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)