Янги ўқув йилида бакалавриатга 35 500 та, магистратура босқичига 9 922 та давлат гранти берилади. Бу бўйича президент фармойиши қабул қилинди.

Жорий ва келгуси уч ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларига грант асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди.
Президент фармойишига кўра, 2025/2026-ўқув йили учун бакалавриатга (кундузги) 35 500 та квота берилади (ўтган йили 34 838 ажратилган).
Кейинги даврларда грантлар сони қуйидагича:
- 2026/2027 ўқув йилига – 36 023 та;
- 2027/2028 ўқув йилига – 36 460 та;
- 2028/2029 ўқув йилига – 36 761 та.
Янги ўқув йилида магистратура йўналиши (кундузги) учун 9 922 та грант ўринлари ажратилади (ўтган йили 9 365 та берилган). Шу билан бирга, 2026/2027-ўқув йилида 10 191 та, 2027/2028 ўқув йилида 10 477 та талаба давлат бюджети ҳисобидан магистратурада ўқиши мумкин. 2028/2029-ўқув йилида эса талабгорларга 10 784 та грант тақдим этилади.
Шунингдек, давлат томонидан хорижий ва нодавлат ОТМлар учун 1 320 та, чет элдаги ўзбекистонлик ёшларга 30 та, хотин-қизлар учун 4 000 та грант белгиланди.
Қабул параметрларининг тақсимоти ҳудудлар ва соҳалар эҳтиёжига қараб аниқланади. Бунда имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча параметрлар инобатга олинади. Бундан ташқари, айрим соҳаларнинг (тиллар, санъат, спорт ва бошқалар) ўзига хосликлари ҳисобга олинади.
Маълумот учун, мамлакатда давлат гранти аввалгидек тўрт йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.
Изоҳ (0)