Европа футболида ёзги трансфер ойнаси қизғин давом этмоқда. Миш-мишлар ва юз миллион еврога яқин баҳоланган келишувлар фонида бир нарсани аниқ айтиш мумкин — бу ёзда топ-клублар катта маблағ сарфлашдан чўчимаяпти. Улар кучли футболчиларни ўз сафига қўшиб олиб, янги мавсумга жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Шу боис ҳозиргача харидлар учун энг кўп пул сарфлаган жамоалар ҳақида тўхталамиз.

Англия клублари — етакчи
2025 йилги трансфер бозорида энг кўп харажат қилган жамоа — “Челси”. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби ёзда таркибни янгилаш учун 244 миллион евро ажратган. “Аристократлар” ёзда “Боруссия Д”дан Жеймс Гиттенсни салкам 65 миллион еврога харид қилди. Шунингдек, улар “Брайтон” ҳужумчиси Жаоу Педро учун 63 миллион евро сарфлашган. Лиам Делап (35,5 миллион евро) ва Эстеван Виллиан (34 миллион евро) каби футболчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олган.
Бу борада “Челси”га Премьер Лига чемпиони “Ливерпуль” рақиблик қилмоқда. Мерсисайдликлар ҳозирга қадар ёзги трансфер ойнасида 214 миллион евро сарфлаган. “Қизиллар” ёзда энг катта харидларидан бирини — “Байер”дан Флориан Вирц трансферини амалга оширган. “Ливерпуль” немис футболчиси учун леверкузенликларга 125 миллион евро сарфлади. Шунингдек, Милош Керкез (47 миллион евро), Жереми Фримпонг (40 миллион евро) ва Армин (2 миллион евро) трансферлари учун пул сарфлаган.
Ушбу икки инглиз клуби Европа трансфер бозорида молиявий устунликни ўз қўлига олиб, катта харидларни амалга оширишда давом этмоқда.
“Реал Мадрид” ҳам фаол. “Қироллик клуби” ўз таркибига ёш футболчиларни қўшиб олмоқда
“Реал Мадрид” ёзда 180,5 миллион евро сарфлаб, учинчи ўринни эгалламоқда. Клуб Трент Александр-Арнольд, Франко Мастантуоно, Альваро Каррерас ва Дин Хейсен каби ёш ва истиқболли футболчиларни олиб келиб, келажак учун аниқ стратегия танлаганини кўрсатмоқда.
Жамоа ушбу харидлар орасидан Мастантуоно (45 миллион евро), Каррерас (50 миллион евро) ва Хейсен (63 миллион евро) каби футболчиларга пул сарфлади. Арнольд эса эркин агент сифатида жамоага қўшилди. Бироқ “қаймоқранглилар” инглиз футболчиси учун бонус тўлаши ҳақида маълумот берилган.
Шунга қарамай, “қаймоқранглилар” ёз якунига қадар яна бир йирик трансфер билан 200 миллионлик чегара ҳам ортда қолдириши мумкин.
“Тоттенҳэм” ва “Манчестер Сити” кучли бешликка якун ясади
“Тоттенҳэм” ва “Манчестер Сити” ушбу рўйхатнинг кучли бешлигига якун ясаган. “Шпорлар” июнь ойининг биринчи яримгача трансферлар учун 141 миллион евро харажат қилган. “Манчестер Сити” эса бу кўрсаткич 131 миллион еврони ташкил қилади.
Ушбу беш клуб ёзги трансфер ойнасида энг фаол иштирокчиларга айланган. Янги лойиҳалар учун сармоялар ортидан айримлар устунликни мустаҳкамлашни, бошқалар эса яна элит жамоа номини қайтариб олишни мақсад қилган.
Қуйидаги рўйхат орқали ёзги трансферлар ойнасида энг кўп пул сарфлаган 10 та жамоа билан танишасиз. Қизиқ томони, ўтган мавсум Чемпионшипдан Англия Премьер Лигаси йўлланмасини қўлга киритган “Сандерленд” рўйхатнинг 6-поғонасидан жой олган.
Трансферлар учун энг кўп пул сарфлаган жамоалар (топ-10) (18.07.2025)
1 | “Челси” | 244 миллион евро |
2 | “Ливерпуль” | 214 миллион евро |
3 | “Реал Мадрид” | 180,5 миллион евро |
4 | “Тоттенҳэм” | 141 миллион евро |
5 | “Манчестер Сити” | 131 миллион евро |
6 | “Сандерленд” | 116 миллион евро |
7 | “Байер Леверкузен” | 102 миллион евро |
8 | “Комо” | 88,5 миллион евро |
9 | “Арсенал” | 87 миллион евро |
10 | “Брайтон” | 80 миллион евро |
Изоҳ (0)