Москванинг «Локомотив» клуби ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов «темир йўлчилар» сафини тарк этди.

Фото: Eurosport

«Локомотив» матбуот хизматининг маълум қилишича, томонлар ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилган.

Жалолиддинов июль ойида «Локомотив» футболчисига айланди. Бироқ москваликлар ярим ҳимоячини Россия Премьер Лигаси рўйхатидан чиқариб юборди ва Жасур «Тамбов»га ижарага берилди. Бироқ 18 ёшли ўйинчи «Тамбов» сафида ҳам бирорта ўйин ўтказмади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил июль ойида «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги директори Улуғбек Мирзаев Жасур Жалолиддинов 350 минг евро эвазига Москванинг «Локомотив» клубига ўтаётганини тасдиқлаганди. Орада «Чемпионат» нашри «Локомотив» Жалолиддинов учун 1 миллион евро сарфлашини, маблағнинг 100 минг евроси футболчининг «Бунёдкор» билан амалдаги шартномасини бекор қилишга, қолган 900 минг евро эса Жасурнинг агентларига насиб этиши ҳақида маълум қилди. 29 июль куни эса москваликлар Жасурнинг трансферини эълон қилди. Август ойи аввалида «Бунёдкор» директори Улуғбек Мирзаев ишдан кетгани айтилди. Шундан сўнг август ойида Профессионал футбол лигаси Жасур Жалолиддинов трансферида шубҳали жиҳатлар борлигини эълон қилиб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат қилгани айтилди. Ушбу мурожаат натижалари ташкилот расмий сайтларида эълон қилинмади. Кейинчалик, футболчи «Бунёдкор» билан шартномани бекор қилгани ва бунинг учун 130 минг евро тўлангани, футболчининг агентлари эса трансфердан 850 минг евро ишлаб олгани маълум бўлди.

Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!