Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида фарзандларини ўлдириш билан қўрқитиб, уларни «ҳаром бола» деб атаган ота қамоққа олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Жасур Шукуров маълум қилди.

Фото: Жасур Шукуров

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода отаси томонидан қўрқитилган болалар билан вилоят прокурори Эркабой Тожиевнинг шахсан ўзи учрашган.

Аниқланишича, Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро А.Р. вояга етмаган фарзандларини ўлдириш билан қўрқитиб, ҳақоратлаб, тазйиқ ўтказган ва буни онасига кўрсатиш учун тасвирга олган.

«Бугун, 21 январь куни вилоят прокурори Эркабой Тожиев вояга етмаган Ах.Ж. ва Ад.Ж.ни бувиси М.Х. билан бирга вилоят прокуратурасига таклиф қилди ва улар билан суҳбатлашди», — дейди Жасур Шукуров.

Фото: Жасур Шукуров

Ўтказилган суҳбат жараёнида вояга етмаган шахслар отаси томонидан муттасил қийнаб, уриб, ҳақоратлаб келингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаган шахсларни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Р. қамоққа олинган. Шунингдек, болалар ижтимоий ҳимояга олиниб, тергов ҳаракатлари юзасидан назорат ўрнатилган.