Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро қарз сўраганида унга қарз бермаган ва ҳақоратомуз кулган аёлни ўлдирди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расуловнинг маълум қилишича, Булоқбоши туманида яшовчи Улуғбек Йўлдошев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йилнинг июнь ойида тўққиз ёшли фарзанди Мурод Каримовнинг бош соҳасидан олган тан жароҳатини даволатиш учун қўшниси Наргиза Эсоновадан қарз сўраган. Қўшни аёл эса унга пул бермаслигини айтиб, эркак киши бўла туриб, аёл кишидан пул сўрашга уялиши кераклигини, бирон-бир жойда ишламаётган бўлса, келгусида қарзини қайтаришига ҳам шубҳа қилаётганини билдирган ва ҳақоратомуз кулган. Бундай жавобдан ғазабланган Улуғбек қўшнисини қасддан ўлдириб, мол-мулкини қўлга киритишни мақсад қилган.

Суд жараёнида аниқлик киритилишича, қўшни аёлнинг эри ва фарзандлари хорижга ишлашга кетгани учун оқшом пайтида унга жияни ҳамроҳлик қилган. Улуғбек Йўлдошев айнан жиянининг келмай қолишини кутиб, 2020 йил 15 август куни қўшни аёлнинг бир ўзи қолганидан фойдаланади ва шу куни соат 23:30 да қўшнисининг уйига 50 см узунликдаги темир труба ва ошхонадаги хўжалик пичоғи билан келган.

Улуғбек қўшни аёлнинг ётоқхонасига ортидан кириб, унга ташланган ва қўлидаги темир труба билан бош, қўл, кафт ва пешона соҳаларига бир неча марта уриб, қасддан ўлдирган. Шундан сўнг меҳмонхонадаги сандиқдан 100 доллар ва 1 миллион 300 минг сўм пулни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Суд раиси Носиржон Расулов Улуғбек Йўлдошевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди (тамагирлик ниятида одам ўлдириш) ҳамда 164-моддаси 3-қисми «в» (уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик) «г» банди (баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган босқинчилик) билан айбли деб топиб, уни 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.