АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп ўз тарафдорларининг Капитолийдаги намойишлари ва Конгресс биносига бостириб кириш пайтида юз берган зўравонликларни қоралади. Бу ҳақда Трамп ўзининг Twitter’даги аккаунтига жойлаштирган видеомурожаатида маълум қилган. Бу ижтимоий тармоқ унинг аккаунтини блоклаганидан сўнг, президент томонидан эълон қилинган биринчи пост ҳисобланади.

Фото: Reuters

Трамп митинг вақтида қонунни бузганлар бунинг учун «жавоб бериши»ни ваъда қилган. Шунингдек, у ўша куни зўравонлик ишлатганлар АҚШ вакиллари эмаслигини маълум қилган.

«Яқиндагина интенсив сайловлардан ўтдик, ҳиссиётларимиз қайноқ, аммо ҳозир бу каби ҳиссиётларни сусайтириб, хотиржамликни қайта тиклаш керак», — дейди Трамп.

У ҳокимиятни янги администрацияга қонуний ва тинч йўл билан топширишга эътиборини қаратишга ваъда берган. Президентнинг сўзларига кўра, Байденнинг инаугурацияси режалаштирилганидек 20 январь куни бўлиб ўтади.

Президент сайлов натижаларини суд орқали бекор қилишга уриниши, ягона мақсади, сайловлар бутунлигини сақлаб қолиш бўлганини тушунтирди. Трамп «америкача демократияни ҳимоя қилиш» зарурати юзасида ҳаракат қилганини билдирган. Шунингдек, у ҳамон сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш зарурлигига ишончи комиллигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Дональд Трампнинг тарафдорлари соқчилар занжирини ёриб ўтиб, Вашингтондаги АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди. Улар президент сайловлари натижаларини тасдиқлашга бағишланган конгресс мажлисини тўхтатиб қўйди. Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилинди, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Вакиллар палатасининг суд ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Жерри Надлер, палата спикери Нэнси Пелоси Дональд Трампга соддалаштирилган тартибда импичмент эълон қилиш таклифи билан чиқди.