2021 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб Ўзбекистонда қонунчиликдаги бир қатор ўзгаришлар, хусусан, давлат бюджети, паспорт ўрнига ID-карталар, бир қатор лицензиялар ва божхона тўловларинининг бекор қилиниши, Солиқ кодексидаги янгиликлар, чекка ҳудудларда ишлаётгани учун мутахассисларга товон пулининг тўланиши, давлат харидлари тизимида янгиликлар, маркалаш ва бошқа кўп нарсалар кучга кирди. «Gazeta.uz» Адлия вазирлиги маълумотларига таяниб, Ўзбекистон қонунчилигида 1 январдан бошлаб кутилаётган ўзгаришлар тўғрисида хабар берди.
Янги Давлат бюджети
2021 йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун кучга кирди. Давлат бюджетининг 2021 йилги харажатлари 149,5 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 21,7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, 2021 йилда Давлат бюджети даромадлари 147,2 триллион сўм миқдорида ёки ЯИМга нисбатан 21,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бюджет камомади 17,3 триллион сўм миқдорида тасдиқланган.Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,1 фоизга ўсиб, 688,9 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 9−10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Солиқ сиёсатидаги янгиликлар
Ўзбекистон Солиқ кодексига бир қатор янгиланишлар ва ўзгартиришлар киритилди. 2021 йил учун солиқ сиёсатида солиқларнинг асосий ставкалари сақлаб қолинади, хусусан, ҚҚС (15 фоиз), даромад солиғи (15 фоиз, айрим тоифалар учун — 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар — 12 фоиз, бюджет ташкилотлари — 25 фоиз) ва оборот солиғи (базавий ставка — 4 фоиз).Бир қатор лицензиялар бекор қилинди
Президент фармонига кўра, 2021 йилнинг 1 январдан бошлаб 266 турдаги лицензияларнинг 70 таси, 140 та рухсатномаларнинг 35 таси бекор қилинди.Паспорт ўрнига ID-карталар
4 январдан бошлаб ID-карталар бир ёшга тўлмаган янги туғилган бола учун — 2 йил муддатга, 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар — 5 йил муддатга (ота-оналар, васийлар, ҳомийларнинг қарорига биноан), 16 ёшдан — 10 йил муддатга (Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун — 5 йил муддатга) берилади.Йўл қоидаларини бузишни тасвирга олиш қурилмаларининг рўйхати кенгайтирилди
1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар, шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар орқали ЙҲҚ бузиш ҳолатларини қайд этса бўлади. Видеоларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган.Яширин иқтисодиётни қисқартириш
Қуйидагилар бажарилади:- 2022 йилнинг 1 январигача умумий овқатланиш соҳасида кичик бизнес субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олган даромадлари умумий белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий ўтиш мақсадида умумий даромадлар таркибига киритилмайди;
- кўчмас мулк фаолияти билан шуғулланадиган шахслар учун оборот солиғи ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача туширилди;
- қурилиш компанияларига иш ҳақини нақд пул билан тўлаш билан шартнома тузмасдан ишчиларни муайян муддатга жалб қилишга рухсат берилади, уларнинг ҳажми ҳисобот даври учун иш ҳақи жамғармасининг 10 фоизидан ошмаслиги керак (ижтимоий солиқ миқдори бундан мустасно) бўлади.
Хорижда ишлашга кетаётганлар мажбурий касб-ҳунарга ўқитилади
1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни, ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилинмоқда. Ҳужжатга кўра, буни амалга ошириш учун 13 та «Ишга марҳамат» мономарказлари, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 11 та Тошкент шаҳри туманларидаги қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ҳамда 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият олиб боришади.«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила аъзолари пул ишлаш учун чет элга чиқишлари учун микрокредитлар олишлари мумкин. 10 миллион сўмгача бўлган микрокредитлар транспорт харажатларини қоплаш ва ишлашга рухсат олиш учун 1 йил муддатга берилади.
2021 йилдан қонуний мигрантлар ўз-ўзини иш билан таъминлайдиганларга тенглаштирилади. Улар ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлашлари мумкин. (Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида онлайн рўйхатдан ўтиш. Қўлланма)
Монополияга қарши комплаенс тизими
1 январдан бошлаб тажриба (синов) тариқасида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар:- Uzbekistan Airways;
- «Кварц»;
- «Асака» банки;
- UzAuto Motors;
- «Ўзтрансгаз»;
- «Навоиазот»;
- «Иссиқлик электр станциялари»;
- «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»;
- «Қизилқумцемент».
Олис ҳудудларда ишлайдиганлар учун пул компенсацияси
2021 йил 1 январдан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.Барча судларда суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этса бўлади
Барча судларда суд мажлислари иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади ҳамда суд мажлислари баённомалари ушбу тизимдан (судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари) фойдаланган ҳолда шакллантирилади.Тизмли равишда скрининг текширувлари ўтказилади
Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш мақсадида 40 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларда юрак қон-томир хавфини (гипертония, инфаркт, инсульт, қандли диабет ва бошқа хавф омилларини) аниқлаш бўйича тизимли равишда скрининг текширувлари ўтказилади.Тиббиёт ходимлари бир марталик пул мокофоти билан рағбатлантирилади
Қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, уларда туну кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади.Оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Шунингдек, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади.
Умумтаълим муассасаларининг рейтинги
Туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи ўринни эгаллаган умумтаълим муассасалари директорлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантирилади.Халқ таълими бўлими мудирлари ва методистларига, умумтаълим муассасалари директорларига ҳамда туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи бешта ўринларни эгаллаган умумтаълим муассасаларининг 2 нафар ўқитувчиларига санаторийларда дам олиш учун бепул йўлланмалар берилади.
Тест синовлари мактаб дастурига мослаштирилади
Давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиб, тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилади.Хусусан:
- тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилади;
- тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилади;
- абитуриентларнинг назарий билимларни ўзлаштириш даражаси билан бирга мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган, компетенсияга асосланган тест топшириқлари ишлаб чиқилади;
- амалдаги АБИТУР дастурини такомиллаштириш ҳисобига янги дастурий маҳсулот ишлаб чиқилади ҳамда 2021/2022-ўқув йили учун саралаш тест синовлари янги тест саволлари асосида ўтказилади.
Аҳоли пунктларининг бош режаларининг жамоат экспертизасини амалга ошириш механизми жорий этилади
Ушбу лойиҳа доирасида:- аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади;
- аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат экспертизасини амалга ошириш механизми жорий этилади;
- аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;
- аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.
Электр энергияси тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундириш
Электр энергияси ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш, тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни таъминлаш, тизим орқали аниқланган хатоликларни тезкорлик билан бартараф этиш ишлари тизимли йўлга қўйилади.Бунда ҳисоблагичларни ўрнатиш ва жорий этилган тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ташкил қилиниб, жойлардаги барча ходимларнинг кўникма ва малакаси оширилади.
Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда ҳисоблагич ўрнатиш гуруҳлари шакллантирилади. Эҳтиёжга кўра, туманлараро мобил ўрнатиш гуруҳлари ташкиллаштирилиб, график асосида ҳудудларга жалб қилинади.
Айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилинади
Хусусан:- давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган пулли хизматлар турлари кенгайтирилади ҳамда қатъий белгиланган божхона йиғимлари ставкалари белгиланади;
- рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатларни бериш билан боғлиқ айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилиниб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади;
- товарларни «божхона ҳудудида қайта ишлаш» ва «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимларида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилади;
- божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб бериш муддатига риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик ўрнига молиявий чора сифатида божхона йиғими жорий этилади.
Миллий геоахборот тизими
1 январдан бошлаб миллий геоахборот тизими жорий этилади. Ушбу тизим қуйидагилардан иборат бўлади:- ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилади;
- онлайн геопортал Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади;
- ер баланси ва унинг ҳисоботи, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари фақат Миллий геоахборот тизимида юритилади;
- Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий геоахборот тизимида шакллантирилади;
- тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига фақат телекоммуникация тармоқлари орқали тўғридан-тўғри тақдим этиб борилади.
Мактабларда янги лавозим
Ҳар бир умумтаълим муассасасида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилади. Мазкур лавозимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинади.Букмекерлик фаолияти
2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.«Академик ҳаракатчанлик» дастури
Илмий ташкилотлар раҳбарларини Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий қилинади.Ҳар бир илмий ташкилотда илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади, бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланади ҳамда маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқаради.
Бундан ташқари, «Академик ҳаракатчанлик» дастури жорий қилинади. Дастур доирасида, жумладан, илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади.
Шунингдек, илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинади.
Изоҳ (0)