Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 25 та маҳалла аҳолиси Янги йил байрамини электр токисиз, шам ёруғида кутиб олган. Туманда 31 декабрь куни кечки пайт 21:14 да ўчган чироқ 1 январь соат 17:00 га қадар ҳам қайта ёнмаган, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Мазкур воқеа тафсилотини аниқлаштирган Косон туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, Янги йил байрами куни юзага келган носозликни бартараф этиш учун барча куч сафарбар этилган. Аммо эплай олмаган. Тумандаги асосий подстанция Косон 11035 10 КВдаги носозлик сабаб ҳудуддаги 25 та маҳалла аҳли Янги йил байрамини шам ёруғида кутиб олишга мажбур бўлган.

Маълумот берилишича, таъмирлаш ишларига «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖдан 25 нафардан ортиқ, Косон туман электр таъминоти корхонасидан 20 нафар ходим сафарбар қилинган. Бироқ муаммо 2021 йил 1 январь куни соат 17:00 га қадар ҳам бартараф этилмаган.

Фото: «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Вазиятга муносабат билдирган «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати Косондаги электр ўчиши 2020 йил 31 декабрь куни соат 21:14 да содир бўлганини, бунга сабаб эса Косон подстанциясидан чиқувчи шаҳар-1 фидерининг бош кабелидаги шикастланиш эканлигини маълум қилди.

«Натижада Косон туманининг Нартибаланд, Нартичуқур, Лолазор, Дўстлик, Месит МФЙлари ҳудудида электр таъминотида узилишлар кузатилган. ‘Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари’ АЖ техник директори бошчилигида жамиятнинг тегишли бўлим, хизмат ва туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, авария оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб боришмоқда», — дейилади масъуллар муносабатида.

Фото: «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Қашқадарёлик блогер Жавоҳир Бахтиёровнинг «Дарё»га маълумот беришича, Ғузор туманининг Тожик қишлоғида 2021 йил 02:00 да ўчган электр токи 2021 йил 17:00 га қадар ҳам ёнмаган. Ғузор туманининг «Амир Темур» маҳалласида эса Янги йил оқшомида тўрт-беш маротаба ўчган чироқ 2021 йил 1 январь куни уч соат ёнмаган.

Вилоятда фаолият юритувчи блогер Отабек Артиков Янги йилни чироқсиз кутиб олган косонликлар ҳақида сўз юритиб, «Сиз яшайдиган ҳудудда ҳам ‘свет’ ўчдими, сўкинишга шошилманг. Демак, кимдир сизга романтик оқшом ҳадя қилмоқчи», дея кесатади.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев вилоятда электр таъминоти соатлаб режасиз узилаётгани устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилганди. Бош вазир вазият икки кунда ўнгланишини ваъда берганди.

«Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизматининг 1 январь, жума куни соат 18:22 да берган маълумотига кўра, Косон подстанциясидан чиқувчи шаҳар 1-фидеридаги аварияли тиклаш ишлари якунланиб, электр таъминоти тўлиқ тикланган.