Ижтимоий тармоқларда AirPods Мах’нинг амбушюралари орасига сув кириб қолгани тасвирланган суратлар тарқалди. Унда бир-икки томчи эмас, анчагина сув йиғилган, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.
Шу турдаги наушникдан фойдаланган Дональд Филимон исмли Twitter фойдаланувчисининг ёзишича, у гаджетдан одатдаги режимда фойдаланган, уйда мусиқа тинглаган, кейин эса носозликлар кузатила бошланган. Шунда у магнитларга қотирилган амбушюраларни ечиб кўрган ва ичида сув тўпланиб қолганини пайқаган.
Афтидан, қандайдир сабабларга кўра наушниклар ичига конденсат тўпланиб қолмоқда. Филимон улардан намлик юқори бўлмаган уй шароитида фойдаланган.
Сув наушникларнинг ишчанлигига қандай таъсир кўрсатиши номаълум, чунки корпус намликдан ҳеч қанақасига ҳимояланган эмас. Шунингдек, муаммо кўлами қанчалик эканлиги ҳам номаълум.
Apple вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмаган. AirPods Мах декабрь ўрталарида сотувга чиққан — бу Apple брендининг илк тўлиқ ўлчамли наушниги ҳисобланади.
Аввалроқ iPhone қурилмалари қуввати тез тугаб қолаётгани, бунга iOS 14.2 операцион тизими айбдор эканлиги тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)