Қўқонда газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аёллар шаҳар ҳокимлиги олдидаги йўлни тўсиб қўйгани тўғрисида хабар берилганди. Шаҳар ҳокимлиги норозилик билдирган маҳалла — 5-«Вақф чорус» аҳолиси учун янги газ тақсимлаш станцияси барпо этишга ваъда берган.
Қўқон шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганган. Фуқароларга Қўқон шаҳри аҳолисини, шу жумладан, 5-«Вақф чорсу» ҳудудида яшайдиган фуқароларнинг хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида янги газ тақсимлаш станцияси (ГТС) барпо этилаётгани ва йил охиригача фойдаланишга топширилиши тушунтирилган.
Тез кунларда ишга тушадиган янги ГТС юқори босимли қувурдан тўғридан-тўғри табиий газ қабул қилиш имконини беради. Натижада 5-«Вақф чорсу» маҳалласида табиий газ таъминоти яхшиланади.
Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, маҳалла фуқаролари хонадонларини иситиш учун арзон нархларда кўмир ва хўжалик юмушлари учун суюлтирилган газ етказиб берилмоқда, бу ишларнинг олиб борилиши алоҳида назоратга олинган.
Аввалроқ Сурхондарёнинг Музработ туманида ҳам электр таъминотидаги узилишлардан норози аҳоли йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)