Тошкент халқаро аэропортида COVID-19 касаллигини аниқлашда ПЗР-тест маълумотномаларини сохталаштириб, йўловчиларга сотиш билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати «Дарё»га хабар қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ДХХ ҳамда ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент–Москва йўналиши бўйича учаётган Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 4 нафар фуқаронинг ҳужжатлари текширилиб, улардан сохта ПЗР-тест маълумотномалари олиб қўйилди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур шахслар COVID-19 касаллигини аниқлаш бўйича тест топширмасдан, ушбу сохта маълумотномаларни 1992 йил Бухоро вилоятида туғилган Қ.Э. ва 1991 йил Хоразм вилоятида туғилган М.М.дан сотиб олганини маълум бўлди.
Ўз навбатида Қ.Э. ва М.М.га сохта маълумотномаларни Тошкент шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган М.Н. ва 1977 йилда туғилган К.А. тайёрлаб, етказиб турган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманганда 50 минг ва 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштирганлар, Сардобада 4 гектар ерни полиз экинларини экишга ажратиб бергани учун 20 миллион сўм пора олган уюшма раиси ҳамда Бўстонлиқдаги 1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун 160 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)