Тошкент шаҳрида жамоат транспортида ҳаракатланиш учун йўлкирани нақд пул шаклида тўлаш амалиёти бекор қилинмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевга таяниб, «Gazeta.uz» маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тегишли қарор йўловчилар томонидан кўплаб шикоятлар сабабли қабул қилинган. Бундан ташқари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги йўл ҳақини нақд пулда тўлаш тартиби бекор қилинган тақдирда, йўловчилар ҳуқуқлари бузилишини қайд этган, чунки бу фуқароларни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Нақд пул тўловлари валидаторлар (тўлов терминаллари) орқали амалга оширилади. Анъанавий чипталар ўрнига чек берилади.
Анвар Жўраевнинг айтишича, январда босқичма-босқич транспорт карталарига ўтиш учун «Тошшаҳартрансхизмат» ойлик йўловчи чипталар сотувини давом эттиради. Чипталар бугунги кўрсаткичнинг 50 фоизи миқдорида сотувга чиқарилади.
Аввалроқ Транспортдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ягона гувоҳномалари 1 январдан ўз кучида қолиши, Тошкентдаги автобус бекатлари дўконларсиз бўлиши ҳамда Тошкентда 1 декабрдан бошлаб электрон транспорт картаси нархи 15 минг сўм этиб белгилангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)