Парагвай терма жамоасининг афсонавий дарвозабони Хосе Луис Чилаверт мамлакат президентлигига ўз номзодини қўяди.
Чилаверт Twitter’даги саҳифасида сайловолди баннерини намойиш қилди. «Парагвайлик бўлганимдан ғурурланаман. Чила — президент-2023», — деб ёзилади баннерда.
Парагвайнинг айни дамдаги президенти Марио Абдо Бенитес ҳисобланади. У 2018 йилнинг августида сайланган ва 2023 йилда президентлик муддати тугайди. Шу тариқа афсонавий посбон сиёсий майдонга қадам қўядиган бўлди.
Чилаверт «Велес» клуби сафида ўн йилдан ортиқ вақтда фаолият юритган. У жамоа билан Аргентина чемпионлиги, Либертадорес Кубоги, Минтақалараро Кубок ва бошқа совринларни қўлга киритган. Дарвозабон шунингдек, Парагвайнинг «Гуарани», Аргентинанинг «Сан-Лоренцо», Испаниянинг «Сарагоса», Франциянинг «Страсбург» ва Уругвайнинг «Пенярол» клубларида ҳаракат қилган. Чилаверт 2005 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган. Чилаверт бошқа дарвозабонлар орасида тўпурарлиги билан ажралиб туради. У фаолияти давомида жарима зарбалари ва пенальтилардан 62 та гол уришга муваффақ бўлган.
Хосе Луис Парагвай терма жамоаси 1989—2003 йиллар мобайнида 74 ўйин ўтказиб, 8 та гол урган. У терма жамоа сафида гол уриш борасида дарвозабонлар орасида рекордчи ҳисобланади. Шунингдек, бир ўйинда ҳет-трик қайд этган тарихдаги ягона дарвозабон саналади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)