Дания ва Бразилияда COVID-19 коронавирус инфекциясининг янги мутациялари аниқланди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Данияда коронавирус мутацияси топилгани ҳақида Юқумли касалликларга қарши кураш давлат университети маълум қилди. Тадқиқот олиб борган олимлар коронавируснинг вакцинага нисбатан таъсирчанлиги камроқ бўлган N439K мутациясини аниқлашга муваффақ бўлган. Уларнинг маълумотларига кўра, мамлакатда инфекцияга тест топшириб, ташхиси тасдиқланган барча одамларнинг тахминан 10 фоизида айнан шу мутация бор. N439K’га чалинганда касалхонага ётиқизишлар даражаси SARS-CoV-2’га чалингандагига нисбатан камроқ, деган хулосага келди олимлар.

Бразилиялик олимлар эса коронавируснинг янги штаммини Рио-де-Жанейро штатида аниқлади. Бунда гап мамлакат ҳудудида тарқалишга улгурган B.1.1.28 мутацияси ҳақида бормоқда. Олимлар маълумотларига кўра, штамм юқумлироқ эканлиги ёки ишлаб чиқилаётган вакциналарнинг самарадорлигига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ҳозир ҳеч қандай далиллар йўқ.

Коронавируснинг янги штаммлари ёки унинг мутациялари аниқлангани ҳақида баъзи давлатлар ёздаёқ хабар берган эди. Масалан, июль охирида коронавируснинг юқумлироқ тури пайдо бўлгани ҳақида Вьетнам ҳукумати маълум қилди. У Данангда аниқланган, шундан кейин шаҳардан 80 минг киши эвакуация қилинди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шундан кейин Данангда аниқланган вирус тури юзасидан хавотирланиш учун асос йўқлигини айтди, чунки ташкилот маълумотларига кўра, унинг янада юқумлироқ эканлиги бўйича далиллар йўқ эди. Августда COVID-19’нинг янги штамми ҳақида Индонезияда хабар берилди. Жакартада жойлашган молекуляр биология институти маълумотларига кўра, штамм коронавирусга чалинган индонезияликларнинг 40 фоизида аниқланган.

Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хэнкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфлироқ эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.

Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янги штамм сабаб Саудия АрабистониРоссия ва 20 дан ортиқ мамлакат авиақатновларни чеклади. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам саккиз давлат билан авиарейсларни тўхтатди.