Буюк Британияда бир кеча-кундузда 35,9 минг киши коронавирусни юқтириб олди, бу пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Бир кунда 326 киши вафот этган, деб ёзади «Коммерсантъ» ҳукумат сайтига таяниб.

Фото: Global Look Press

Бир кун аввал қиролликда 27 минг киши коронавирусга чалинган эди. Бундан олдинги рекорд 17 декабрда қайд этилган, ўшанда 35,3 мингта ҳолат аниқланган эди, аммо унга илгари техник хатолик туфайли ҳисобга олинмаган Уэльс бўйича маълумотлар ҳам киритилган эди.

Буюк Британияда жами касалланганлар сони 2 миллион кишидан ошди. Етти кун ичида касалланиш ҳолатлари сони 51 фоизга ўсди. Мамлакатда 67,4 минг киши коронавирус оқибатида вафот этди. Европада бундан кўпроқ ўлим ҳолатлари фақат Италияда аниқланган.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг янги тури аниқлангани ҳақида 14 декабрь куни маълум қилган эди. Англия бош санитар шифокори Крис Уитти бу турдаги вирус «одатий» SARS-CoV-2’дан кўра тезроқ тарқалаётганини қайд этди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги генетик вариант 70 фоизга юқумлироқ бўлиши мумкин.

Инфекциянинг янги штамми аниқлангани муносабати билан Англия жануби-шарқида, хусусан, Лондонда 20 декабрдан эътиборан чекловларнинг юқори, тўртинчи даражаси жорий этилди, ҳозирча бу тартиб яқин икки ҳафта амалда бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди.