Сеул ҳукумати коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқароларга беш ва ундан ортиқ одам бўлиб бир жойда тўпланишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Жанубий Корея расмийларининг баёнотига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.
Мазкур эҳтиёт чоралари 3 январга қадар амалда бўлади. Йиғилишлар, пикниклар, Янги йил базмлари, туғулган кунлар, оилавий байрамлар тақиқланган. Шу билан бирга, ҳукумат 50 кишигача одамларни тўплаб, ижтимоий масофаланишга риоя қилинган ҳолда тўй ва дафн маросимларини ўтказишга рухсат беради.
Ушбу чоралар пойтахтнинг барча туманларига, хусусан, Сеул, Инчхон ва Кёнгидога тааллуқли.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ўрталарида Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сеулда коронавируснинг учинчи тўлқини бошлангани ҳақида огоҳлантирган эди. Шу муносабат билан мамлакат бош вазири Чон Се Гюн фуқаролардан оммавий тадбирларни ўтказмасликни сўраган.
Жанубий Корея ССВ маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 50,6 минг кишига етган.
Аввалроқ Жанубий Кореяда 13 ноябрдан бошлаб жамоат жойлари ва транспортда ниқобсиз юрган кишилар жарима тўлаши хабар берилган эди.
Изоҳ (0)