UFC’да ўрта вазн тоифасида чемпионлик камарига тўрт бор даъвогарлик қилган Йоэль Ромеро фаолиятини Bellator’да давом эттиради.
Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Ариэл Ҳелвани хабар қилмоқда. Таъкидланишича, 43 ёшли кубалик спортчи Bellator билан шартнома борасида келишувга эришган. У 2021 йилда промоушенда дебют қилади.
Аввалига Bellator расмийлари Ромерони қўшиб олишни истамаган, бироқ узоқ давом этган музокаралардан кейин томонлар муросага келган.
Бироз муддат олдинроқ UFC Ромеро билан шартномани бекор қилганди. UFC президенти Дэйна Уайт буни яккакурашчининг кетма-кет мағлубиятлари ва ёшининг катталиги билан изоҳлаганди.
Ромеро UFC’да 13 та жанг ўтказиб, уларнинг 9 тасида ғалаба қозонган. Сўнгги тўрт жангни бой берди, бироқ уларда Йоэль жиддий рақиблар билан кураш олиб борганди. У сўнгги бор UFC 248 мусобақасида Исраэл Адесаняга қарши чемпионлик жангида иштирок этган ва унда мағлуб бўлганди. Ромеро UFC’дан четлатилган вақтда ўрта вазн дивизиони рейтингида 4-ўринда бораётганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)