Игор Савицкий номидаги Нукус музейи директори лавозимига эълон қилинган танловда ғолиб бўлган Тигран Мкртичев ўз вазифасига 2021 йил 2 январдан киришади. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотларига асосланиб ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, танлов Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар фуқаролари ўртасида ўтказилган. Унинг биринчи босқичи натижаларига кўра, Германия, Россия, Қозоғистон ва Қорақалпоғистондан 6 нафар номзод ўтди. Иккинчи якуний босқичда номзодлар ўзларининг тақдимотларини экспертлар кенгашига тақдим этди ва Нукус шаҳридаги музейда суҳбатдан ўтди. Танлов якунида Москвадаги Рерихлар музейи (Шарқ халқлари давлат санъат музейининг филиали) директори Тигран Мкртичев ғолиб деб топилди.
Савицкий музейининг янги раҳбари Ўзбекистонда таълим олган — Тошкент давлат университети Марказий Осиё археологияси бўлими битирувчиси.
Тигран Мкртичев 1994 йилдан 2008 йилга қадар Бухоро, Самарқанд, Термиз ва бошқа шаҳарларда ўтказилган бир қатор археологик экспедицияларнинг раҳбари бўлган.
Тигран Мкртичев директорлик фаолиятини Игор Савицкий музейи коллекциясини ўрганиш бўйича Халқаро кенгашни тузишдан, шунингдек, таниқли рассомлар, сиёсатчилар ва бизнес вакилларини ўз ичига олган халқаро ҳомийлик кенгашини яратишдан бошлайди.
Изоҳ (0)