Ўзбекистон ЙҲХББ мамлакат бўйлаб туман тушиши мумкинлигини маълум қилди.
Шу сабаб бошқарма ҳайдовчилардан туман шароитида транспорт воситаси тезлигини 10–20 километр/соатгача камайтириш, автомобиль чироқларига ўзгартириш киритмаслик ва қувиб ўтиш қоидаларига қатъий амал қилишларини, йўловчиларни олишда ва йўл четидаги пиёдаларга нисбатан эҳтиёткор бўлишларини ҳамда ҳаракат вақтида бошқа транспорт воситалари билан оралиқ масофа сақлашларини сўраган.
Шунингдек, қалин туман тушганда, автомобиллар орасидаги масофа катта бўлиши лозимлиги эслатиб ўтилган.
«Йўналишни ўзгартирганда яна ҳам эҳтиёт бўлиш талаб этилади, чунки сиз бурилмоқчи бўлган йўлда пиёдалар ёки бошқа транспорт воситалари бўлиши мумкин», – дейилади ЙҲХББ хабарида.
Бошқарма томонидан туман тарқалишини хавфсиз жойда кутиб туриш маслаҳат берилган.
Аввалроқ «Ўзгидромет» Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкинлигини маълум қилганди.