Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштирган собиқ менежер ҳамда банк хизматлари маркази раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Касби тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда фуқаро Й.Ш. ҳудудий тижорат банки филиали бўлими бош менежери лавозимида ишлаган даврида фуқаро Т.Ш. билан ўзаро тил бириктириб, 12 нафар фуқаро номидан уларнинг хабардорлигисиз кредит шартномаларини расмийлаштириб, жами 304,3 миллион сўм кредит маблағларини олиб ўзлаштиргани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳудудий тижорат банки Янгиер шаҳар банк хизматлари маркази собиқ раҳбари И.Б. ва бошқалар фуқаро Ғ.С.га ажратилган 390 миллион сўм кредит маблағини унинг хабардорлигисиз нақдлаштириб олиб, шундан 260 миллион сўмини Ғ.С.га бериб, қолган 130 миллион сўмини ўзлаштиргани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 19 нафар фуқаро номига автокредит расмийлаштириб ўзлаштирган шахслар аниқланган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида ўзини банк ходими деб таништириб, ўзганинг номига кредит расмийлаштирган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)