Кибержиноятчилик туфайли жаҳон иқтисодиётига етказилган зарар ва ундан ҳимоя қилиш харажатлари 2020 йилда 1 триллион доллардан ошди. Икки йил аввал бу миқдор, тахминан, 600 миллиард долларни ташкил қилган. Бу ҳақда McAfee антивирус дастурий таъминот компанияси ва Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг (CSIS) қўшма ҳисоботида айтилган, деб хабар бермоқда «Korrespondent.net».
Қайд этилишича, дунё бўйлаб ҳукумат ва компаниялар хакерлик ҳужумлари туфайли, тахминан, 945 миллиард доллар, киберхавфсизлик учун қўшимча харажатлар оқибатида яна 145 миллиард доллар йўқотган.
Тадқиқотчилар 1500 та тармоқлараро АТ ва корпоратив сиёсатшунослар ўртасида сўров ўтказган, ҳукумат вакиллари билан суҳбатлашган ва ҳукумат ҳамда Халқаро валюта фондининг очиқ маълумотларидан фойдаланган.
Сўровда қатнашган ташкилотларнинг атиги 4 фоизи 2019 йилда киберхавфсизлик билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтган. Шу билан бирга, респондентларнинг 92 фоизи пул йўқотишларидан ташқари, меҳнат унумдорлиги ва иш вақти билан боғлиқ харажатларга тушган. Киберҳужум туфайли ишдаги энг узоқ ўртача узилиш 18 соатни ташкил қилган ва ташкилотларга ўртача ярим миллион доллардан зиёд зарар етказган.
Таъкидланишича, киберҳужумларнинг сезиларли даражада ошганини, бир томондан уларга нисбатан тезроқ ва аниқроқ жавоб бериш, иккинчи томондан хакерларнинг махорати ошиши билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, пандемия пайтида одамларнинг интернетда фаоллиги сезиларли даражада ошди, бу эса жиноятчиларга ишлаш учун кўпроқ имконият яратади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Microsoft бош разведка бошқармасининг хакерларини COVID-19’га қарши вакциналар бўйича тадқиқотчиларга ҳужум уюштирганликда айблаганди. Компания Россия ҳамда Шимолий Корея ҳукуматларида ишловчи хакерлар COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқаётган еттита ташкилотга ҳужум уюштирган деб ҳисоблаган.
Ноябрь ойи охирларида КХДР хакерлари дея тахмин қилинаётган гуруҳ Оксфорд университети билан биргаликда коронавирус вакцинасини яратаётган Британия—Швециянинг AstraZeneca компаниясига қарши киберҳужумни амалга оширди.
Изоҳ (0)