Tesla ва SpaceX компаниялари бош директори Илон Маскнинг бойлиги 152,9 миллиард долларга етди. Бу ҳақда 7 декабрь куни New York Post’га таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.
Қайд этилишича, бир кун олдинги савдолар пайтида Tesla акцияларининг қиймати 7 фоизга, компания учун рекорд бўлган 600 миллиард доллардан ошган.
Маск бойлиги 129 миллиард долларни ташкил этувчи Microsoft асосчиси Билл Гейтсни ортда қолдириб, бир неча ҳафтадан бери дунёдаги энг бой одамлар рейтингида иккинчи поғонани эгаллаб турибди.
Шу йилнинг ўзида Маскнинг бойлиги 120 миллиард доллардан ошган. Айни пайтда Amazon раҳбари Жефф Безос 185 миллиард долларлик бойлиги билан Маскдан олдинда турибди.
Эслатиб ўтамиз, Tesla нархи 10 йил ичида 100 миллиард долларга ўсиб, 600 миллиард доллардан ошди.
Аввалроқ Forbes Маскнинг дунёдаги энг бой одамлар рўйхатидаги ўрни бўйича Bloomberg билан баҳслашгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)