Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланган ва унга гумон қилинган беморларни саралаш ва тақсимлаш учун «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуаси ва «Универсал» спорт мажмуасида ташкил қилинган саралаш ва тақсимлаш марказлари ёпилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашаётгани инобатга олиниб, коронавирусга чалинган ва гумон қилинган беморларга муолажа узлуксизлигини таъминлаш ва инфекцияга қарши курашга ихтисослашган кучларнинг тарқоқлигига барҳам бериш мақсадида Юнусобод туманидаги ‘Ўзэкспомарказ’нинг 3 ва 4-павильонларидаги саралаш ва тақсимлаш марказига ва ‘Универсал’ спорт мажмуасидаги саралаш ва тақсимлаш марказига коронавирусга чалинган ва унга гумон қилинган беморларни қабул қилиш тўхтатилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Бу муассасаларда даволанаётган беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилади. Ушбу вақтинчалик шифохоналарда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан меҳнат шартномалари тегишли тартибда бекор қилиниб, улар аввалги иш жойларига қайтарилади.

Вазирликнинг билдиришича, ҳозирда мамлакатда пандемия хавфи нисбатан камайгани туфайли коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган 159 та тиббиёт муассасасидан фақат 32 таси фаолият юритмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши курашишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида очилган «Атлас», «Ёшлик» марказлари вақтинчалик ёпилганди. Касаллик динамикаси ошганда ёпилган объектлар тезкор равишда қайта очилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселекторда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 500 та ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилгани ҳамда ушбу ўринларда 6570 нафар бемор даволанаётгани ва койкалар бандлиги республика бўйича эса 38 фоизни ташкил этиши маълум қилинганди. Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилганди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев 7 декабрь куни мамлакатда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳозирча барқарорлигини, лекин бу хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини маълум қилди. ССВ раҳбари COVID-19’нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмаслигини, бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлаган.