Япония 2030 йилларнинг ўрталарига бориб бензинли двигателда ҳаракатланадиган янги автомобилларни сотувдан чиқариб ташлайди. Бу ҳақда NHK телеканалига таяниб Motor хабар берди.
Мазкур мораторий Япония бош вазири Ёсихидэ Сугининг 2050 йилга бориб атмосферага карбонат ангидрид гази чиқишини нолга тушириш бўйича режасининг бир қисми ҳисобланади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш билан мамлакатнинг Иқтисодиёт, савдо-саноат вазирлиги шуғулланади. Лойиҳа фавқулодда дебатлардан ўтиб, йил охирига қадар тайёр бўлади.
Агар тақиқ жорий этилса, 10—15 йилдан сўнг мамлакатда фақат электрлаштирилган ва гибрид автомобиллар сотишга рухсат берилади, ички ёнув двигателига эга анъанавий машиналар эса тақиққа учрайди.
Ҳозирча япон автомобилсозлик компаниялари ушбу мораторий ва унинг бизнесга таъсири бўйича бирор изоҳ бермаган.
Boston Cunsulting Group прогнозларига кўра, Японияда электрокарлар улуши 2030 йилга бориб 55 фоизга ошади. «Батареяли» машиналарга бўлган талаб аккумуляторлар нархи кутилганидан тезроқ арзонлашаётгани сабаб ортишни давом этади.
Мавзуга доир: Дунёда бир дақиқа ичида энг кўп машина ишлаб чиқарадиган автомобиль компаниялари рейтинги эълон қилинди
Изоҳ (0)