Қуёш юзасида кучли портлаш содир бўлгани қайд этилди. Олимлар сўнгги уч йилда биринчи бор содир бўлган ҳодисага махсус беш балли тизимда тўрт балл берган, ёзади Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: «Tesis.lebedev.ru»

Қуёшда кучли портлаш 29 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 ларда содир бўлган. Унга М4.4 балл берилган — М синфидан фақат Х портлашлар юқори туради.

Портлаш қайд этилганидан ҳам юқори бўлган бўлиши мумкин, чунки унинг маркази Қуёшнинг Ердан туриб кузатиб бўлмайдиган томонида содир бўлган. Шунга қарамай, эълон қилинган суратларда мазкур ҳодиса тўлиғича қандай бўлганини кўриш мумкин, чунки портлаш соҳаси шу қадар юқорига кўтарилганки, у қуёш четларида ҳам кўринган. Сўнгги марта бу каби портлаш 2017 йилнинг кузида содир бўлган.

Ушбу портлашнинг Ерга таъсири йўқ. Бу каби портлашлар сабаб юзага келадиган асосий фаоллик (зарраларнинг зарядланиши ва плазма булути) Ер сайёрасидан юз миллионлаб километр узоқликда содир бўлади. Юлдузнинг портлаш содир бўлган томони бир ҳафтадан сўнг Ерга бурилади, бироқ мутахассислар у вақтда Қуёшнинг ушбу зонасидаги фаоллик сақланиб қолиш-қолмаслигини билмайди.