Ўзбекистонда электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга оид жиноятларни аниқлаш МИБдан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилади. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Президент томонидан имзоланган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини яна-да такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда белгиланди.

Фото: «Дарё»

Унда қайд этилишича, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини кучайтириш мақсадида суд ҳужжатлари ижросини янада ошириш тақазо этилмоқда.

Бу борада МИБ тузилмаси ва ваколатларини мақбуллаштириш, унинг иш услубини тубдан қайта кўриб чиқиш, манфаатдор вазирликла ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурати юзага келди.

Фармонга кўра, эндиликда электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга оид жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, фармонга биноан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидагича тартиб ўрнатилади:

  • маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари МИБ органларига жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугаганидан сўнг тақдим этилади, бунда жаримани ихтиёрий тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда унга маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорнинг топширилганлиги ёки юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ижро ҳужжатига мажбурий тартибда илова қилинади;
  • ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30 фоизлик чегирма билан, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк эса – ҳудудий кенгашлар қарорига мувофиқ
  • 50 фоизгача чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади, бундан гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мустасно.

мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғими:

  • ундирув суммаси БҲМнинг 1000 баравари (223 миллион сўм)дан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича — ундирилаётган сумманинг 5 фоизи;
  • ундирув суммаси БҲМнинг 1000 баравари (223 миллион сўм)дан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича — ундирилаётган сумманинг 2 фоизи миқдорида ўрнатилади.

Бунда, ижро йиғими қўлланилган ижро ишлари бирлаштирилган тақдирда, қўлланилган ижро йиғимининг миқдори ўзгартирилмайди.