Майк Тайсон нафақат спорт (у оғир вазн тоифаси тарихидаги энг ёш Жаҳон чемпиони ҳисобланиб, бир йил ичида мутлақ чемпионликкача кўтарилган), балки бир қанча молиявий рекордларни ҳам ўрнатган.

Фото: Google Images

Ўтган асрнинг 90 йиллари ўрталарига келиб, Тайсоннинг ҳисоб рақамида ярим миллиард доллар бор эди. У бу маблағларни жанглардан олган гонорарлари ва реклама шартномаларидан топганди. Бироқ Тайсон бу пулларни олди-орқасига қарамай сарфлади ва шунчаки йўқотиб юборди. Тўғри, бунга промоутер Дон Кинг ҳам молиявий ҳийла-найранглари билан ўз «ҳисса»сини қўшди.  Лекин Тайсоннинг харажатлари олдида бу хамир учидан патир ҳам эмасди.

Тайсон ўз бойликларини қандай бошқаришни билмас эди. Ҳатто у бир марта рафиқасига 2 миллион долларга олтин ванна совға қилганди

Майк 1986 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган биринчи чемпионлик жангиданоқ (Тревор Бербикка қарши) катта гонорар ола бошлаган. Ўшанда Майк 1,5 миллион долларлик чек олганди. Албатта, ўша пайтдаги ва ҳозирдаги кўрсаткичлар ўртасида катта фарқ бор.

Бир йил ўтар-ўтмас эса Тайсон мутлақ Жаҳон чемпионига айланди ва ҳар бир жангидан ўн миллион долларлаб даромад ола бошлади. 1988 йилда у Майкл Спинксга қарши жанги учун 22 миллион доллар олди. Бу эса ўша вақтдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланарди. Агар бу рақамлар сонияларга тақсимланса, Майк уларнинг ҳар бири учун 240 минг доллардан олган бўлади.

Тайсонда пул шунчалик кўп эдики, ҳатто уни қандай сарфлашни ҳам билмас эди.

Фото: Instagram / @ микетйсон

«Ёшлигимда пул билан қандай муомала қилишни билмас эдим. Одамларга пул берар ва зиёфатлар уюштирардим. Мен ўшанда ақлдан озган эдим. Аҳвол шу даражага етиб келдики, касал эканлигимни ҳам билмас эдим. Кўплаб қизларга машина совға қилганман», – деб ёдга олади ўша даврларни Майк.

30 ёшида Тайсон 410 минг долларга тушган ҳашаматли зиёфат уюштиради. Зиёфатлар ўша йилларда боксчининг ўзига хос бир заиф томони эди.

Бир неча йил олдин MoneyMakers нашри Тайсоннинг юқори чўққида бўлган даврдаги ширин ва ҳашаматли ҳаётига назар ташлаган эди.

Боксчининг асосий уйи 21 хонали ва 24 та ҳаммомдан иборат улкан Коннектикут қасри эди. Мулкнинг умумий майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқроқни ташкил этарди. У шунчалик улкан эдики, ҳатто у ерга тунги клуб ва казино ҳам сиғдирилган эди. Шунингдек, боксчининг Мериленд, Огайо ва Лас-Вегасда ҳам кичикроқ мулклари бўлган.

Фаолияти давомида Тайсон 111 та машина сотиб олган, яна 19 тасини эса дўстларига совға қилиб юборган. Унинг машиналари орасида Bentley Continental SC ажралиб турарди, бу «тойчоқ» боксчига 500 минг долларга тушган. Шунингдек, Ferrari, Lamborghini, Range Rover, Mercedes-Benz 500 ва Rolls-Royce ҳам унинг гаражидан муносиб ўрин эгаллаганди.

Фото: Google Images

Кўпинча Майк автоуловларидан воз кечиб юборарди ёки шунчаки уларни кимга берганини унутиб қўярди. Аммо Тайсоннинг карьерасидаги энг шов-шувли харид — рафиқаси Робин Гивенсга Рождество байрамига атаб совға қилган олтин ваннадир. Майк ушбу чўмилиш қурилмаси учун нақ 2 миллион долларнинг баҳридан воз кечган.

Тайсон интервьюларининг бирида Гивенс унинг ярим миллион долларлик Bentley Cонтинентал СCъни уриб олганлиги, кейин эса автоҳалокат жойига келган полициячига пора сифатида машинани берганини айтганди:

«Мен яна ҳибсга олинишга чиндан ҳам жуда яқин эдим. Шунда машинани полициячига таклиф қилдим, у эса уни олиб кетди. Мен шунчаки унинг ёнига бориб: ‘Қулоқ солинг, жаноб. Шу машина сизга, олиб кетинғ, дедим. Мен бироз ваҳимада эдим: ‘Олинг, бу лаънати машинани, майлими?’ У қулфни очишни бошлаганда, мен уни ушлаганимни англадим. У машинани олишни хоҳлаётганди. Мен унга: ‘Йўқ, сизлар кўп ишлайсизлар, ҳаётингизни хавф остига қўясизлар. Жин урсин машинани. У сизга’ ».

1992 йилда Майк жиддий муаммоларга дуч кела бошлади: у Дезире Вашингтонни зўрлашда айбланиб ҳибсга олинганди. Уч йилдан сўнг у озод қилинди, аммо қамоқдан чиққанидан кейин ҳам Майк тартибсиз ҳаёт тарзини тўхтатиш ҳақида ўйламасди. Питер Макнили, Брюс Селдон ва Эвандер Ҳолифилдга қарши жанглари учун у умумий ҳисобда 100 миллион доллардан кўпроқ пул олганди. Тайсоннинг ўша даврдаги энг йирик харажатларининг бир нечтаси қуйидагича бўлган:

Фото: Google Images

  • автомобиль ва мотоцикллар учун 4,5 миллион доллар;
  • уст-бош ва тақинчоқлар учун бир ойда 100 минг доллар;
  • каптар ва Бенгал йўлбарслари учун 400 минг доллар;
  • жониворлар парваришига масъул одамлар учун йилига 125 минг доллар;
  • кундалик харажатлар учун ойига 240 минг доллар;
  • майса ва боғ парвариши учун 300 минг доллар;
  • телефон, пейжер ва ҳисоб тўлдиришлар учун 230 минг доллар.

Бу ерда айниқса, учта Бенгал йўлбарсларининг сотиб олиниши кишининг эътиборини тортади.

Фото: Google Photos

Майк буни унга агенти тавсия этганини айтади. Шу тариқа у бир эмас, нақ 3 та йўлбарсни ўз уйига олиб келади. Уларнинг ҳар бири Тайсонга 70 минг долларга тушади. Ва яна ойига 12 минг уларни сақлашга сарфланган. Кения лақабли йўлбарс боксчининг севимлиси эди, у Майк билан 16 йил бирга яшаган, аммо қўшниларидан бирини тишлаб олганидан кейин Кения махсус шароитда сақланиш учун олиб кетилади.

«Кимдир йўлбарс жойлашган ҳудудга тўсиқдан сакраб ўтиб, у билан ўйнашни бошлади. Йўлбарс қизни танимасди, шунинг учун бу бахтсиз ҳодиса. Воқеадан хабар топишгач, улар мени судга беришга ҳаракат қилди. Йўлбарс унинг қўлини тишлаб олганини кўрганимдан сўнг унга 250 минг доллар бердим. Уларнинг инсон танасига қандай зарар етказиши мумкинлигини умуман тасаввур қила олмасдим. Ўшанда аҳмоқ бўлган эканман, бу мушукларни юз фоиз жиловлашнинг иложи йўқ», – дейди Майк Тайсон.

Forbes маълумотларига кўра, Тайсон бутун фаолияти давомида 685 миллион доллар ишлаб топган, аммо 2003 йилда у ўзини банкрот деб эълон қилади. Бундан ташқари, Майк солиқ идораларига 23 миллион доллар миқдорида қарздор ҳам бўлиб қолади. Шу боис фаолиятининг охирида у ўз меросига жиддий таъсир ўтказган жангларга розилик беришга мажбур бўлади.

Фото: Google Images

Шунга қарамай, ҳозир ҳам Тайсон ўзини жуда ишончли ҳис қилмоқда: у муваффақиятли тарзда ўз номидан фойдаланмоқда ҳамда фильм, клип ва телевизион томошаларда суратга тушиш орқали яхшига пул ишлашда давом этмоқда. Майк ўзининг подкастини ишга туширган, шунингдек, у каннабис етиштириш билан шуғулланади. 2019 йилда унинг бойлиги 3 миллион долларга баҳоланганди.

Тайсон Рой Жонсга қарши жанг учун камида 10 миллион доллар ишлаб топади, бироқ у бу пулларнинг барчасини хайрия қилишга ваъда берди

Дастлаб Майк Тайсон ва Рой Жонс ўртасидаги жанг 2020 йилнинг 12 сентябрь санасига белгиланганди, аммо кейинчалик ташкилотчилар уни 28 ноябрга (Тошкент вақти билан 29 ноябрь тонгда) қолдирди. Турли манбаларга кўра, бунга асосий сабаб трансляция ҳуқуқларини сотиш экани айтилмоқда.

Инсайдерларнинг фикрига кўра, телевизион ҳуқуқлар 50 миллион долларга сотиб олинган. Тайсоннинг кафолатланган гонорари 10 миллион долларни ташкил қилади (Жонсники эса 10,5 миллион долларга тенг, айрим манбаларда эса 3 миллион доллар), агар жанг яхши трансляция қилинса, у яна 10 миллионни бонус сифатида олиши мумкин. Майк эса ушбу жангдан оладиган барча даромадларини хайрия учун сарфлашини эълон қилди:

Фото: Eurosport

«Мен ҳаммасини хайрия учун сарфлайман. Ҳозирда аввалги пулларим йўқлигидан хурсандман. Бугун қилаётган ишимдан мамнунман. Ҳеч ким пулимни мендан тортиб ололмайди, энди атрофимда йиртқичлар гуруҳи йўқ. Мен яна севган ишимни қила олишимдан хурсандман».