Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри «Туркистон» саройи атрофидаги дарахтлар махсус белгига олингани, улар кесилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Қўмитанинг маълум қилишича, Тошкент шаҳри марказий кўчаларидаги дарахтлар ҳолатини аниқлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган. Мазкур гуруҳ айни вақтда Алишер Навоий кўчаси бўйлаб табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган, ўзининг биологик ёшини ўтаб бўлган, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтларни ўрганиб, махсус белгилар қўйган.
«Белги остига олинган дарахтлар аниқ кесилади деган фикрлар ноўрин бўлиб, аксинча, мазкур дарахтларни даъволаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бунда ҳар бир дарахтга индивидуал ёндашиб, имкон қадар сақлаб қолиш, янги кўчатларни экиш режалаштирилган», – дейилади қўмита хабарида.
Аввалроқ 17 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги Гагарин кўчасида жойлашган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолати бўйича жойлаштирилган пост юзасидан олиб борилган ўрганиш ишларида бир дона чинор дарахти ноқонуний кесилгани аниқланганди. Ўсимлик дунёсига келтирилган зарар 42,9 миллион сўмни ташкил этган.
Изоҳ (0)