Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

2020 йил 19 ноябрда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Matiz ичидаги йўловчи сувга чўкиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмати хабар қилган.

Кадр: Telegram / @YHXBB

Кадр: Telegram / @YHXBB

Бошқарманинг Telegram-каналига жойлаштирилган видеолавҳасига кўра, 19 ноябрь соат 05:20 ларда маст ҳайдовчи бошқарувидаги Matiz 4К-5577 автомобиль йўлининг 23-24 километрлари оралиғидаги Нарпай каналига тушиб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи машина ичидан чиқишга улгурган, аммо йўловчи ҳам мастлиги ва вазиятга баҳо беришга улгурмагани сабабли сувга чўкиб ҳалок бўлган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Зокир Қаюмовнинг маълум қилишича, воқеа жойида мутасадди ташкилотларнинг масъуллари билан ўрганиш ўтказилган. ЙТҲнинг асосий сабаби сифатида ҳайдовчининг мастлиги ва тезликни меъёридан ошириши оқибатида бошқарувни йўқотганлигида бўлиши мумкин. Шунингдек, бошқарма мутасаддиси йўлнинг ёритилмагани, йўл чизиқлари чизилмаганлиги, канал устидаги кўприклар ҳам белгиланган тартибда тўлиқ жиҳозланмаган.

Кадр: Telegram / @YHXBB

Кадр: Telegram / @YHXBB

Видеолавҳада ҳодисанинг айбдори бўлган ҳайдовчи ҳам воқеадан афсусда эканини билдириб, ЙТҲ тафсилотлари ҳақида гапириб берган.

«Мактабда қоровул бўлиб ишлайман. Амаким икковимиз кўчадан келиб, машинани уйга қўйиб, мактаб қоровулхонасида спиртли ичимлик ичдик. Кейин автомобилимни олиб чиқдим, дўкондан яна ичимлик топиб олиб келиш учун кўчага чиқдик. Нарпай канали тепасига дўкон излаб чиқдик, 2 ё 3 та жойга бордик, бироқ дўконлар ёпиқ эди. Ортга қайтаётган вақтимизда уйқум келдими, тушунарсиз нимадир бўлди-ю бошқарувни йўқотиб қўйдим. Йўл четидаги белгини ағдариб, Нарпай каналига тушиб кетдик. Ойнадан амаллаб ташқарига чиқдим, сузиб бориб, қирғоққа ётдим ва ҳушимни йўқотдим. Спиртли ичимлик ичиб, машина ҳайдаб, кўчага чиқманглар. Амакимнинг умрига зомин бўлдим», – деган ҳайдовчи.

Кадр: Telegram / @YHXBB

Кадр: Telegram / @YHXBB

Нарпай туманидаги 36-мактаб директори ҳам ҳодиса юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирган ва навбатчиликдаги қоровулни ўзи ҳам иш жойидан излаб топа олмаганини айтган. Директор қоровулнинг иш жойида спиртли ичимлик ичгани биринчи марта кузатилаётганини қайд этган.

Аввал ҳам 9 октябрда Самарқанд вилояти Нарпай туманида Epica машинаси каналга тушиб кетган, ҳайдовчи тезкор тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, вафот этгани хабар қилинганди.

Шунингдек, октябрь ойида Наманганда «Жигули» ариққа тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган, Андижон вилояти Балиқчи туманида 26 октябрь куни «Волга» автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида машина салонида бўлган 32 ёшли эркак вафот этган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар