Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни мамлакатда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалидаги кўрсатувда маълум қилинди.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш режалаштирилган.

Кадр: Ўзбекистон 24

Давлат раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида бу ишларни ҳар томонлама чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш зарурлигини таъкидлаганди. Шу асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди.

Унга кўра, катта масжид, минора ва кенг айвонлар қуриш, хиёбон, унинг атрофида меҳмонхоналар ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш кўзда тутилган.

Кадр: Ўзбекистон 24

Кадр: Ўзбекистон 24

«Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси лойиҳаси тўғрисида тақдимот ўтказилди. Бугунги тақдимот 4-тақдимот бўлди. Лойиҳаларни бошлаш бўйича топшириқ олдик.

Лойиҳада атрофи айвонлар билар ўралган жуда ҳашаматли 10 минг ўринли масжид биноси кўрсатилган. Масжид биноси билан боғлиқ бўлган қўшимча бинолар борасида ишлар бошлаш бўйича топшириқ берилди», – дейди қурилиш вазири Ботир Зокиров.