Леди Гага тахаллуси остида ижод қиладиган Стефани Жоан Анжелина Жерманотта режиссёр Дэвид Литч фильмида роль ижро қилади. Бу ҳақда Vogue хабар беради.

Фото: Getty Images

2018 йилда «Star is born» (Юлдуз туғилди) фильмида Бредли Купер билан бирга бош қаҳрамонни гавдалантирган, шунингдек, премьераси 2021 йилда бўлиши режалаштирилган Ридли Скоттнинг Гуччи фожиаси ҳақидаги фильмида ҳам суратга тушган хонанда арсеналидаги фильмлар сони яна биттага кўпаяди.

У суратга тушиши маълум қилинган «Bullet Train» (Тезюрар поезд) деб номланган фильм машҳур япон романи — «Maria Beetle» асосида суратга олинади. Унда Токио поездидаги қотиллик гуруҳи ҳақида ҳикоя қилинади. Сценарийга Зак Олкевич масъул, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, «Оскар» мукофоти совриндори бўлган, 34 яшар Леди Гага фильмда иккинчи даражали ролни ижро қилади. Бош қаҳрамон ролини эса Бред Питт гавдалантиради. Шунингдек, фильмда Жои Кинг, Аарон Тэйлор-Жонсон, Зази Биц, Майкл Шеннон, Брайан Тайри Генри ҳамда Эндрю Кодзи ва Маси Ока қатнашади. Фильм премьераси қачон бўлиши маълум қилинмаган.