Microsoft асосчиси Билл Гейтс пандемия вақтида ниқоб тақишдан бош тортаётганларнинг ҳаракатини ғалати деб атади. Бу ҳақда у актриса Рашида Жонс билан ўтказган биринчи подкасти давомида маълум қилган, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

«Улар нима, нудистми? Сизлардан иштон кийиш сўраляпти. Баъзи бир америкаликларнинг айтишича, бу қандайдир даҳшатли нарса», — дейди Гейтс.

Нудизм (Натуризм) — бу табиат билан ҳамоҳангликда яшаш тарзи бўлиб, унинг асосий белгиси уст-бошнинг йўқлиги ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ниқобларни тақишнинг фойдаси ҳақида «ақл бовар қилмас» исботлар мавжуд, бироқ пандемия бошланган пайтда тиббиёт ходимлари инфекция тарқалишига қарши курашда асосан шамоллаш ёки гриппдаги маълумотларга таянгани сабаб унинг бу қадар самарали бўлишини кутмаган. Ушбу касалликларни одам йўталганида юқтириб олиши мумкин, коронавирус эса шунчаки суҳбат вақтида ҳам юқади.

Гейтснинг таъкидлашича, бошқа аксарият респиратор вирусларда COVID-19’даги каби «мислсиз вирус юки» йўқ. Масалан, агарда шамоллаган одам ниқобсиз бошқалар билан битта хонада бир соат вақт ўтказса, уларнинг аксарияти касалликка чалинмайди. Бироқ мазкур ҳолатда коронавирусга чалинган одам ниқобсиз бўлса, аксарият одамлар вирусни юқтириб олади.

Миллиардернинг сўзларига кўра, коронавирусни ўзида белгилари кузатилмаган одамлар ҳам тарқата олиши ноодатий ҳисобланади.

Аввалроқ Билл Гейтс коронавирус пандемияси 2022 йилда якунланишини прогноз қилганди. Шунингдек, у коронавирус пандемиясидан хавфлироқ фалокат содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда одамларни одатий ҳаёт тарзига қайтаришнинг ягона усулини айтганди.