Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШнинг Pfizer компанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган COVID-19‘га қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этишини маълум қилди. Вакцина синовларининг учинчи босқичи тугаганлиги тўғрисидаги хабар Pfizer компанияси сайтига жойлаштирилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Pfizer

Фото: Pfizer

Компания маълумотларига кўра, вакцина синовда қатнашаётган кишининг ёши, ирқи ва миллатидан қатъий назар, самарали бўлган. Дастлабки синов натижалари 90 фоиз самарадорликни кўрсатганди.

Pfizer томонидан таъкидланишича, вакцинанинг 65 ёшдан ошган одамлардаги самарадорлиги 94 фоизни ташкил қилади.

The New York Times газетасининг ёзишича, ушбу ёш гуруҳини оддий гриппга қарши вакциналар билан ҳам ҳимоя қилиш қийин. Ел университети иммунологи Акико Ивасакининг нашрга айтишича, Pfizer’нинг бу натижаси жуда ажойиб.

Шунингдек, фармацевтика компанияси препаратнинг жиддий иккиламчи таъсири йўқлигини маълум қилди. Яқин кунларда Pfizer вакцинага қисқа вақтда рухсат олиш учун АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасига мурожаат қилади.

Pfizer’нинг биринчи дозаларини соғлиқни сақлаш ходимлари, шунингдек, бошқа хавф гуруҳидаги кишилар, масалан, қариялар олиши мумкин.

Pfizer ва BioNTech 2020 йилда 50 миллион доза, 2021 йилда эса 1,3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Pfizer компанияси учинчи босқич синовларининг дастлабки натижаларига таяниб, у томонидан яратилган вакцинанинг самарадорлиги 90 фоизга тенг эканлигини маълум қилганди. Шундан сўнг Россиянинг «Sputnik V» вакцинаси самарадорлиги 92 фоизни ташкил қилиши ҳақида хабар берилди.

Кейинроқ АҚШнинг Moderna компанияси томонидан яратилган вакцинанинг самарадорлиги 94,5 фоизни ташкил этгани маълум қилинди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар