Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда коронавирус туфайли янги чеклов чораларини эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: Reuters

Савдо марказлари, бозорлар ва сартарошхоналар фақат кундузги вақтда — 10:00 дан 20:00 гача ишлаши мумкин. Бар ва ресторанлар егулик ва ичимликларни уйга олиб кетиш учунгина ишлайди. Барча кинотеатрлар камида йил охиригача ёпилади, мактаблар масофавий таълимга ўтказилади.

Дам олиш кунлари Туркияда комендантлик соати эълон қилинди, 20:00 дан 10:00 гача кўчага чиқиш тақиқланади.

Сўнгги кунларда Туркияда ҳар куни коронавирусга чалиниш билан боғлиқ уч мингдан ортиқ ҳолат қайд этилмоқда; бу рақам тез ўсмоқда — октябрь охирида ҳар кунги кўрсаткич икки минг кишидан ошмаётган эди. Апрелдаги авж нуқта вақтида Туркияда кунига 4,5 мингдан зиёд киши касалланаётган эди.

Аввалроқ Туркияда 12 ноябрдан одам кўп тўпланадиган кўчалар ва жамоат транспортлари бекатларида сигарет чекиш тақиқланган эди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошларида Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа мамлакат коронавирус инфекцияси тарқалишининг иккинчи тўлқинини бошидан ўтказаётганини маълум қилганди. Ўшанда вазир касаллар сонининг ортишига дам олувчилар профилактика чораларига яхши риоя қилмаётганини сабаб қилиб кўрсатган. Мамлакат иқтисодиёти пандемия сабабли рекорд даражада пасайган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда пандемия бошидан буён 421,4 минг киши коронавирусга чалинган, 11,7 минг нафари вафот этган, яна 359 минг бемор соғайган.