Мадриднинг «Реал» клуби ва Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Тони Кроос Европа Премьер Лигасини ташкил қилиш ҳақидаги хабарларга шарҳ берди.
«Бундай янги ғоялар чиқавергач, биз бор-йўғи ФИФА ва УЕФА қўлидаги қўғирчоқ эканимиз хаёлга келади. Бу каби мусобақалар футболчиларнинг бор кучини сўриб олиш эвазига иложи борича кўпроқ пул ишлаш мақсадида яратилади. Маълум нарсалар яхши ишлаб турган вақтда, уларни ўз холида қолдирган маъқул», — дейди Кроос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа кучли бешлик лигаларининг ўндан ортиқ клуби Европа Премьер Лигаси номи остида янги мусобақа ташкил қилишга уринаётгани ҳақида хабарлар янграганди. Ташкилотчилар мусобақани ФИФА таснифи остида 2022 йилдаёқ йўлга қўймоқчи экани айтилганди. Унда 16-18 та жамоа иштирок этиши кутилмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!