Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Ўзбекистон мезбонлигида ўтадиган U-19 Осиё чемпионатининг янги санасини маълум қилди.
ОФКнинг мусобақалар ўтказиш қўмитаси 11 ноябрь кунги йиғилишида 2021 йилги мусобақаларнинг янгиланган тақвими эълон қилинди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.
Унга кўра, ЖЧ—2022 ва Осиё Кубоги—2023 қўшма саралаш баҳслари баҳордан бошлаб давом этади. 7-8-тур ўйинлари март ойида ўтказилса, 9-10-турлар июнь ойида бўлиб ўтади. ЖЧ—2022 мусобақасининг якуний саралаш босқичи 2021 йилнинг сентябрида бошланади ва 2022 йилнинг мартига қадар давом этади.
Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-19 Осиё чемпионати эса 2021 йилнинг 3—20 март кунларида бўлиб ўтади. Мусобақа аввал хабар берилганидек Ўзбекистоннинг учта шаҳрида (Тошкент, Наманган ва Олмалиқ) бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалига 2020 йилнинг 14—31-окбарида бўлиб ўтиши белгиланган мусобақа коронавирус сабаб 2021 йилга қолдирилганди.
U-19 Осиё чемпионатида жами 16 мамлакатнинг ёшлар терма жамоалари иштирок этади. Ўзбекистон «А» гуруҳида Эрон, Индонезия ва Камбожа билан куч синашади.
Мазкур мусобақа 2021 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ҳам ўтайди. Унга кўра, Ўзбекистонда ўтадиган мусобақанинг ярим финалчилари Жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!