Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, тажриба сифатида умумий таълим муассасаларини кейинчалик кенгайтириш ҳуқуқи билан 5 йилга хусусий секторнинг ишончли бошқарувига ўтказилади. Гап Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги навбатлилик коэффициенти 0,7 дан паст бўлган мактаблар ҳақида кетмоқда. Бунда давлат бюджетидан таълим муассасаларини таъминлаш учун ажратиладиган маблағлар камайтирилмайди.
Хусусий мулкдор қуйидаги мажбуриятларни бўйнига олади:
- болалар учун бепул таълим бериш;
- биноларни таъмирлаш;
- моддий-техник базани мустаҳкамлаш.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш ва таълим сифатини оширишга бағишланган видеоселекторда мамлакатда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилганди. Йиғилишда, хусусан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси пастлиги қайд этилган.