Дональд Трамп — унутилмас АҚШ президенти, деб ёзади Meduza. Нашр бунга шубҳа қолдирмайдиган 30 та фотосурат билан бўлишди.
Дональд Трамп АҚШнинг 45-президенти. 2016 йил 9 ноябрь куни у сайловлардаги ғалабасидан кейин ўз тарафдорлари билан учрашди. Кўпчилик прогнозларга қарамай, Трамп пойганинг аниқ-равшан фаворити бўлган демократлардан номзод Ҳиллари Клинтондан устун келди.
2017 йил 20 январь куни Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришди. Вашингтондаги инаугурация маросимида у «Америка сиёсатида янги давр» бошланганини маълум қилди. Ўз нутқини Трамп шундай тугатди: «Биз Американи яна кучли қиламиз, Американи яна бой қиламиз, яна Америка билан фахрланамиз, Американи яна хавфсиз қиламиз. Сўнг ўз сайлов кампаниясининг бош шиорини айтди: «Биз Американи яна буюк қиламиз».
Дональд Трамп 2017 йил 28 январь куни, АҚШ президенти лавозимига киришганидан кейин бир ҳафтача ўтиб, Оқ уйнинг Овал кабинетида Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу пайтда Трампнинг ёнида Оқ уй аппарати раҳбари Райнс Прибус, вице-президент Майкл Пенс, президент маслаҳатчиси Стив Бэннон, Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер ҳамда президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн ўтирар эди. Трамп президентлик муддатининг аксарият қисми мобайнида 2016 йилги сайловларда ғолиб чиқиш учун Россия билан тил бириктирганликда айбланди. Махсус прокурор Роберт Мюллер раҳбарлигидаги расмий текширув якунларига кўра бундай тил бириктирув далиллари топилмаган. Айни вақтда Мюллернинг комиссияси Россиянинг Америкадаги сайловларга аралашиб, унинг натижасига таъсир қилишга уринганини аниқлади.
2017 йил мартида, президент лавозимига киришганидан кейин кўп ўтмай, Дональд Трамп Вашингтонда Америка юк ташувлар ассоциацияси аъзолари билан учрашди. Бу йилига 725 миллиард долларга баҳоланувчи ва АҚШга маҳсулотлар етказиб берилишининг 70 фоизини таъминлайдиган саноатдир. Учрашувда тиббий суғурта масалалари муҳокама қилинди. У бошланишидан аввал Трамп Оқ уй майсазорида юк машинаси кабинасига ўтириб, рулни бир неча марта айлантирди ва сигнал бериб кўрди.
2017 йил 1 июнида Дональд Трамп АҚШнинг иқлим бўйича Париж битимидан чиқишини эълон қилди, бу глобал исишга қарши қаратилган ва иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиришни назарда тутувчи ҳужжатдир. Трамп бу шартнома Америка иқтисодиётига ҳаддан ташқари кўп зарар етказаётганини маълум қилди. 2012 йилда, президент этиб сайланишидан тўрт йил аввал, Трамп глобал исиш концепциясини АҚШнинг саноат салоҳиятига путур етказмоқчи бўлаётган хитойликларнинг уйдирмаси деб атаган эди. Президент бўлгач Трамп иқлим ўзгаришларини тан ола бошлади, аммо улар инсон фаолияти натижаси эканлигига шубҳа билдирди.
2017 йил 7 июль куни Дональд Трамп Гамбургдаги G20 саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди. Бу икки президентнинг биринчи марта юзма-юз учрашиши эди. Трамп ва Путин Сурия ва Украинадаги низоларни, шунингдек, Россиянинг Америка сайловларига аралашганлиги эҳтимоли масаласини муҳокама қилди. Учрашувда қабул қилинган муҳим қарорларнинг ҳеч бири ҳақида жамоатчиликка эълон қилинмади.
2017 йил июлида Дональд Трамп АҚШнинг Биринчи жаҳон урушига қўшилганига 100 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда қатнашиш учун Францияга келди. У рафиқаси Мелания билан Елисей майдонида Франция президенти Эммануэль Макроннинг қўлини қаттиқ қисган ҳолда суратга тушди. Трамп ўзи учрашадиган одамлар билан ўзига хос тарзда саломлашиш одати билан ажралиб туради. Япония бош вазири Синдзо Абэ билан музокараларда у ҳамсуҳбати учун кутилмаган тарзда унинг қўлини кескин равишда ўзига тортганди. 2017 йил майида Брюсселдаги учрашувда Трамп ва Макрон шунчалик қаттиқ қўл қисишдики, бармоқларининг бўғин суяклари оқариб кетди.
2017 йил 21 август куни Дональд Трамп қуёш тутилишини кузатди. Бу пайтда у рафиқаси Мелания ва ўғли Беррон билан Оқ уй балконида эди. Дастлаб Трамп Қуёшга шунчаки кўзларини қисиб қарамоқчи бўлди, аммо кейин уни махсус ҳимоя кўзойнагини тақишга кўндиришди.
2017 йил октябри бошида Дональд Трамп «Мария» вайронкор довулидан жабр кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун Пуэрто-Рикога келди. У йиғилганларга «Мария» оқибатлари 2005 йилда «Катрина» довули етказган зарарга тенг келмаслигини айтди. Кейин эса оломонга қарата қоғоз сочиқлар ўрамларини ота бошлади.
2017 йил ноябрида Дональд Трамп Манилада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) саммитида қатнашди. Расмий сурат учун иштирокчилардан чап ва ўнг томондаги қўшниларининг қўлларини сиқиб қўйишни сўрашди. Мана, сурат қандай чиқди (бу фотосуратда иккита бош қаҳрамон бор — Трамп ва ўша вақтда Россия бош вазири бўлган Дмитрий Медведев).
Дональд Трамп ва Германия канцлери Ангела Меркель 2018 йил 9 июнда Квебекдаги G7 саммитида қолган мамлакатлар раҳбарлари қуршовида. Бу фотосурат жуда оммалашиб кетди ва мемга айланди.
2018 йил июлида Буюк Британияга ташрифи чоғида Дональд Трамп қиролича Елизавета II билан учрашди. У Трампни Виндзор қасрида қабул қилди. Қироллик гвардиясининг фахрий қоровули иштирокидаги маросимдан кейин Трамп ва Елизавета чойхўрликка кетди. Ташрифи ниҳоясига етгач Трамп Британия қироличасини «ақл бовар қилмас инсон» деб атади.
2018 йил 12 июль куни Дональд Трамп тўрт кунлик ташриф билан Буюк Британияга келди. Биринчи куни у Британия бош вазири Тереза Мэйга Оксфорд яқинидаги Бленхейм саройида бизнесменлар иштирокида бўлиб ўтган зиёфатда ҳамроҳлик қилди. Ташриф олдидан Трамп The Sun газетасига интервью бериб (уни 13 июль куни эълон қилишди), Тереза Мэйнинг Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши бўйича режаларини танқид қилган ва Борис Жонсон Буюк Британияга «ажойиб бош вазир» бўлган бўларди, деган фикр билдирган эди. Бир йил ўтгач, Тереза Мэйнинг истеъфосидан кейин, Жонсон ҳақиқатан ҳам Британия ҳукуматига раҳбар бўлди.
2018 йил октябрда Дональд Трамп Оқ уйда Канье Уэстни қабул қилди, у бир неча марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ганстер Ларри Гуверни афв этишини сўраш учун президент қабулига келган эди. Ушбу учрашув ҳақида батафсил ўқимоқчи бўлсангиз, марҳамат.
2018 йил 7 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дональд Трамп CNN журналисти Жим Акоста билан жанжаллашиб қолди, у президентдан ҳадеб Марказий Америкадан келадиган муҳожирлар хавфини нима учун ошириб кўрсатаётганини сўрайверганди. Матбуот анжуманидан кейин Акоста ундан микрофонни тортиб олмоқчи бўлган Оқ уй ходимасини туртиб юборгани учун аккредитациядан маҳрум қилинди.
2019 йил 5 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп «Мамлакат ҳолати тўғрисида»ги мурожаат билан чиқиш қилди. Ушбу фотосуратда у билан вице-президент Майкл Пенс ва Вакиллар палатаси спикери, демократ Ненси Пелоси турибди.
2019 йил мартида Дональд Трамп Оқ уйда Шимолий Дакотанинг чемпион мақомини қўлга киритган талабалар футбол жамоасини қабул қилди. Меҳмонларга «Макдоналдс» гамбургерлари ва бошқа турдаги фастфудлар тортилди. Бундан бир неча ой аввал ҳам Трамп бошқа бир талабалар жамоасини деярли худди шу тарзда кутиб олган эди.
2019 йил мартида Дональд Трамп Исроилнинг Голан тепаликлари устидан суверенитетини тан олиш ҳақидаги декларацияни имзолади, бу Сурия билан чегарадаги баҳсли ҳудуд бўлиб, уни Исроил 1967 йилдаги Олти кунлик уруш чоғида эгаллаб олган эди. Тегишли ҳужжатни АҚШ президенти Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашувда имзолади. Бундан аввалроқ эса Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб расман тан олган ва Америка элчихонасини Тель-Авивдан у ерга кўчирган эди.
2019 йил 30 июнь куни Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан КХДР ва Жанубий Корея чегарасидаги қуролсизлантирилган ҳудудда учрашди. Учрашув иштирокчилари демаркация чизиғининг икки томонида туриб, бир-бирлари билан қўл бериб кўришди, шундан сўнг Трамп Ким Чен Иннинг таклифи билан уни кесиб ўтди. Америка президентларидан ҳеч бири шу пайтгача Шимолий Корея ҳудудига қадам босмаган эди.
2019 йил 25 сентябрь куни Дональд Трамп биринчи марта Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди, бу Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси чоғида бўлиб ўтди. Бу учрашувдан сал аввалроқ улар 2019 йил июлида телефон орқали мулоқот қилгани ва Трамп Зеленскийдан 2020 йилги президент сайловларида Трампга рақиб бўладиган Жо Байденнинг ўғли Хантер Байденга қарши аксилкоррупциявий текширувни қайта бошлашни сўрагани маълум бўлганди. Хантер Байден Украинанинг Burisma газ қазиб чиқариш компаниясига ишлар эди. Трампнинг илтимоси Зеленскийга босим ўтказиш ва сиёсий рақибининг обрўсини тўкиш мақсадида ҳокимиятни суиистеъмол қилишга уриниш деб баҳоланди.
2019 йил ноябрида Дональд Трамп эҳтиётсизлик қилиб, журналистлар билан учрашувдан олдин ўз блокнотига ёзилган қайдларни суратга туширишларига йўл қўйиб берди. Унда шундай гаплар ёзилган эди: «Мен ҳеч нарса истамайман. Мен ҳеч нарса истамайман. Ҳеч қанақа quid pro quo керак эмас. Зеленскийга тўғри иш тутиш кераклигини айтинглар. Бу АҚШ президентининг сўнгги сўзи». «Quid pro quo» — бу «сиздан угина, биздан бугина» демакдир. Икки ой аввал Америка матбуотида Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийдан Жо Байденнинг Украинанинг Burisma газ қазиб чиқариш компанияси директорлар кенгашига кирувчи ўғли Хантерга қарши аксилкоррупциявий текширувни қайта бошлашни талаб қилгани ҳақидаги мақолалар чиққан эди. Трамп гўёки Американинг Украинага ёрдам бериши шу текширувга боғлиқ эканлигини айтган.
Дональд Трампнинг соч турмаги у эътибор билан қарайдиган ташқи қиёфасининг ажралмас қисмидир. 2019 йил декабрида «Эндрюс» ҳарбий-ҳаво базасида олинган мана бу суратда кўриниб турганидек, баъзан президентга шамол халал беради. Жамоат қаршисида сўзлаган нутқларидан бирида Трамп каллигини бор кучи билан яширишга ҳаракат қилишини ҳазиломуз айтган эди. У, шунингдек, ясама соч тақиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
Яхши кўринишга интилиб, Дональд Трамп фақат соч турмагига эътибор бериш билан чекланиб қолмайди. Кўплаб фотосуратларда, масалан, 2020 йил 7 февралда Оқ уй майсазорида олинган мана бу суратда ҳам, АҚШ президенти автозагар ёки тонал кремдан фойдаланиши кўриниб турибди. Кўп ҳолларда бунга зўр бериш оқибатида Трамп тўғри маънода апельсин тусига кириб қолади.
2020 йил февралида Дональд Трамп Оқ уйда ўзининг бир гуруҳ афро-америкалик тарафдорлари билан учрашиб, улар билан бирга ибодат қилди. Ирқчиликда тез-тез айбланиб турадиган Трамп учрашувда ўзининг маъмурияти шарофати билан афро-америкаликларга берилган янги иқтисодий имкониятлар ҳақида гапириб берди. Бундан сал аввалроқ Трамп Twitter’да афро-америкаликлар ҳақида АҚШнинг бошқа ҳар қандай президентидан кўпроқ қайғургани ҳақида ёзган эди.
2020 йил 28 май куни Дональд Трамп коммуникациялар соҳасидаги тартиб-интизом тўғрисидаги қонун моддаларидан бирига қарши қаратилган, ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу модда интернет-компанияларни фойдаланувчилар контентини модерация қилганлик учун жавобгарликдан озод этади. Фармон Трампнинг Twitter билан низосидан кейин чиқарилганди: Twitter президентнинг сайловларда почта орқали овоз бериш ҳақидаги иккита твитига ишончсиз маълумот белгисини қўйганди. Трамп Twitter’ни сиёсий тараф ажратишда ва сўз эркинлигига тўсқинлик қилишда айблади.
2020 йил 1 июнь куни олинган ушбу суратда Дональд Трамп Вашингтондаги Оқ уй ёнидаги Лафайет майдонида жойлашган авлиё Иоанн епископ черкови яқинида қўлида Инжил билан турибди. Полициячилар афро-америкалик Жорж Флойдни ўлдирганидан кейин бутун Америка бўйлаб бошланиб кетган оммавий норозилик акциялари Лафайет майдонида ҳам бўлиб ўтган эди. Трамп ушбу намойишларни тарқатиш учун куч ишлатишни очиқчасига маъқуллади.
2020 йил июнида Дональд Трамп ўзи ноқонуний иммиграцияга қарши кураш учун қуришга ваъда берган, Мексика билан чегарадаги деворни кўздан кечирди. Президентлик даврида Трамп ушбу ваъдасини қисман бажара олди, холос. Девор қуриш катта харажатларни талаб қилар эди, уларни эса Конгресс маъқулламади. 2018 йилда ушбу масала бўйича зиддият туфайли Трамп АҚШ бюджетини вақтида имзолашдан бош тортди, бу эса ҳукумат иши қисман тўхтаб қолишига олиб келди.
2020 йил июлида Дональд Трамп Жанубий Дакотадаги АҚШ президентлари Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон, Теодор Рузвельт ва Авраам Линкольнга бағишланган ёдгорлик жойлашган Рашмор тоғида бўлди. The New York Times газетаси ва CNN телеканали Трамп 2019 йилда ўз ёрдамчилари орқали ушбу ёдгорликка ўзининг ҳам портрети туширилишига эришишга ҳаракат қилганини маълум қилди. Президент эса буни ёлғон хабар деб атади.
2020 йил октябри бошида, президент сайловларига бир ой қолганида, Дональд Трамп коронавирусга чалиниб қолди. У бир неча кун госпиталда ётди, шундан сўнг Оқ уйга қайтиб келди. COVID-19’га чалиниш ва шу сабабли вафот этиш ҳолатлари сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб турган АҚШдаги коронавирус эпидемияси учун жавобгарликнинг катта қисмини Трампнинг бўйнига қўйишмоқда. Эпидемия бошида президент касалликнинг хавф даражасини пасайтириб кўрсатган эди.
2020 йил 18 октябрь куни сайловолди кампанияси доирасида Дональд Трамп Невада штати Карсон-Сити шаҳрида ўз тарафдорлари билан учрашди (ва улар билан рақсга тушди). Невада сайловлар чоғида бюллетенларни ҳисоблаш жараёни жуда чўзилиб кетган бир нечта штатлардан бири бўлди — Трамп ва унинг рақиби Жо Байден у ерда деярли бир хил миқдорда овоз тўплади.
Изоҳ (0)