«Барселона» ҳужумчиси Ансу Фати Ла Лига 9-тури доирасида кечган «Бетис»га қарши ўйинда (5:2) жиддий жароҳат олди.
Каталон клуби матбуот хизматининг маълум қилишича, футболчининг менискида (тизза бўғимидаги тоғай) ёрилиш юзага келган. Агар жароҳат операция қилинадиган бўлса, тикланиш муддати икки ойдан тўрт ойгача чўзилиши мумкин, дея хабар қилмоқда АS. Фати жарроҳлик столига ётиш ёки даволашнинг бошқа усулидан фойдаланиш масаласида бир қарорга келиши керак.
«Барселона»нинг тиббиёт ходимлари менискни сақлаб қолишни маслаҳат бермоқда. Бундай ҳолатда жароҳатнинг келажакдаги асоратлари кам бўлади, бироқ тикланиш жараёни узоқ вақтни талаб қилади.
Яна бир вариант — ёрилган менискни олиб ташлаш. Тикланиш жараёни тез кечади, бироқ бу келажакда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ижобий томонлардан бири шундаки, 18 ёшли футболчи ички менискни шикастлаб олган, ташқисини эмас — бунда тикланиш муддатига камроқ вақт кетади.
Шу тариқа агар операция ўтказиладиган бўлса, футболчи январь ёки март ойида майдонга қайтиши мумкин.
Нима бўлган тақдирда ҳам сўнгги қарорни футболчининг ўзи чиқаради. Ўз навбатида «Барселона» яқин орада операция ўтказиш учун шифокорга мурожаат қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)