Бокс бўйича ўрта вазн тоифасида Жаҳон чемпиони Сауль «Канело» Альварес Оскар де ла Хояга тегишли Golden Boy промоутерлик компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Бу ҳақида мексикалик боксчининг мураббийи ва менежери Эдди Рейносо маълум қилди.
«Сауль Альвареснинг менежери ва мураббийи сифатида ушбу маълумотни эълон қилишни ўзимга лозим топдим — 6 ноябрь куни Альварес эркин агентга айланди. Биз фаолиятимизни давом эттиришга тайёрмиз. Ҳамма вақт тартибга риоя қилган ҳолда машғулот залида тер тўкдик.
Яқин орада навбатдаги рақиб ва жанг санасини маълум қиламиз. Биз янада кучли бўлиб қайтамиз, ўсишда давом этамиз ва Мексика бокси дунёдаги энг зўри эканини исботлашни хоҳлаймиз», — дейди Рейносо.
Аввалроқ Канело Golden Boy ва DAZN компанияларини судга берган ва улардан 280 млн доллар компенсация талаб қилганди.
Альварес 2019 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган сўнгги жангида WBO йўналиши бўйича ярим оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги учун курашда Сергей Ковалёвни мағлубиятга учратганди.
Эслатиб ўтамиз, Golden Boy компанияси билан Бектемир Мелиқўзиев ва Муроджон Аҳмадалиев каби ўзбекистонлик боксчилар ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)